Edu.uz
✔
144K subscribers
39.9K photos
7.61K videos
310 files
18.3K links
Ta’lim va ilm-fan vazirligining rasmiy Telegram kanali

gov.uz/edu
instagram.com/eduuzofficial
facebook.com/eduuzofficial
youtube.com/eduuz
devonxona@edu.uz

Manzil: Tosh. sh., Olmazor t Universitet k., 7-uy
Ishonch raqami: 1006
Download Telegram
Ином Мажидов: олий таълимда сифатни таъминлаш – энг муҳим вазифа

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси Tashkent City халқаро бизнес марказидаги Конгресс холлда бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ҳамда вазирлик вакиллари иштирок этди.

Мурожаат – дастурий ҳужжат

Президент мурожаатида олий таълим тизими олдига ҳам халқимиз ва жамиятимиз кутаётган масалалардан келиб чиқиб, аниқ вазифалар белгилаб берилди. Уларни тизимлаштириб, ўз олдимизга қуйидаги асосий йўналишларни белгилаб олдик:

👉 қамровни ошириш;
👉 таълим стандартларини такомиллаштириш;
👉 таълим сифатини таъминлаш;
👉 ОТМларнинг илмий салоҳиятини ошириш.

Олий таълимга қамров оширилади

Мурожаатномада Президентимиз давлат гранти асосида қабул қилишни икки баробар ошириш вазифасини қўйдилар. Бу ҳам Ўзбекистонда жамият тараққиёти учун зарур бўлган малакали кадрлар тайёрлашда асосий инвестор - давлат эканини кўрсатади.

Биз бу вазифани бажариш учун ишларни бошлаб юбордик. Аввало, давлат гранти асосида қабул кўрсаткичлари ошириладиган таълим йўналишлари аниқланади. Сўнгра меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф инобатга олинади. Қолаверса, ҳамкор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболлари ўрганилади.

Таълим сифати – энг муҳим вазифа

Мурожаатномада олий таълим тизимидаги яна бир муҳим масала – таълим сифатини ошириш вазифаси қўйилди. Олий таълимни замонавий шаклда ташкил этиш, илғор тажрибаларни жорий қилиш йўлидаги ишлар тизимли равишда давом этяпти ва биз уни янада кучайтирамиз.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб педагогик соҳадаги олтита бакалавриат таълим йўналишларида ўқиш муддати уч йил этиб белгиланади. Булар: мусиқа таълими, жисмоний маданият, технологик таълим, чақириққача ҳарбий таълим, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси ҳамда мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт. Ҳозирда бу масалада мутахассислар томонидан ишлар бошлаб юборилди.

Профессор-ўқитувчиларга талаб кучайтирилади

ОТМларга ишга қабул қилишда, номзодларга қуйиладиган талаблар кучайтирилади, профессор-ўқитувчиларни танлаб олиш механизмлари такомиллаштирилиб, ёш кадрларга имкониятлар берилади. Ёшларга илмий иш қилиш имкониятлари кенгайтирилиб, зарурат бўлганда хорижда тажриба орттириб келиши қамрови ошириб борилади.

2019 йилда 2 000дан ортиқ ўқитувчи «Эл-юрт умиди» жамғармаси, грантлар ҳамда ОТМларнинг ўз ҳамкорлари билан келишувлар доирасида стажировка ўтаган, малака ошириб келган. Жорий йилда бу кўрсаткични 3 000гача кўпайтириш режамиз бор.

Номутахассислик фанлари улуши камайтирилади

Мутахассисликка алоқадор бўлмаган фанлар икки баравар камайтирилади. Таълим мазмунига стандарт асос ҳисобланади, ташқи тазйиқ эмас. Аввало, ўқув стандартлари ва дастурларини тузишга ёндашувни ўзгартирамиз.

Дунё тажрибасида бор – кадрлар тайёрлашда иш берувчи талаби асосий омил саналади. Яъни, компетенция масаласи. ОТМларда кадрлар тайёрлашда иш берувчилар талаб ва таклифи асосида зарур компетенциялар белгилаб олинади. Сўнгра бир хил йўналишдаги ОТМлар битта методик бирлашмага бирлашиб, мана шу компетенциялар ўргатиладиган фанлар белгиланади. Асосийси, ўқув дастурини тузишда икки томон – иш берувчи ва ОТМ иштирок этиши керак.

Талабаларнинг мақсади ҳақида

Ўқишга кирган талабаларнинг ота-оналари фарзанининг юқори малакали мутахассис бўлиб етишишини хоҳлашади. Тўрт йил давомида уларнинг ўқишга муносабати қандай ўзгариши эса ОТМдаги муҳитга боғлиқ.

Шунинг учун биз ОТМлардаги муҳит ва сифат кўрсаткичларини шу даражада оширишимиз керакки, талаба асосий мақсадидан четлашиши мақсадга мувофиқ эмаслигини ўзи ҳис қилсин. Мени вазир сифатида қийнаётган ва доимо қийнайдиган масала ҳам аслида шу. Агар таълим сифати яхши бўлса, талабанинг ўз олдинга қўйган мақсади ўзгармайди. Яъни, ўқишга қандай мақсадда кирган бўлса, тўрт йил мобайнида унинг мақсади ўзгармайди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
​​#ОТМ_янгиликлари

АҚШ элчиси Самарқанд давлат чет тиллари институтига ташриф буюрди

Самарқанд давлат чет тиллар институтида АҚШнинг мамлакатмиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ҳамда институт жамоаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда институтда инглиз тилини ўқитишни янада такомиллаштириш мақсадида АҚШнинг малакали мутахассисларни жалб этиш, ўз навбатида элчихона кўмагида институт профессор-ўқитувчиларининг хорижда малака оширишини ташкил этиш муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, учрашувда хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда янги ўқув дарсликларини яратиш, биргаликда конференция ва маданий-маърифий тадбирлар ташкил қилиш ҳамда турли грант лойиҳаларида ҳамкорликда қатнашиш бўйича ҳам ўзаро келишиб олинди.

Элчи жаноблари институтда АҚШ элчихонаси кўмагида ташкил этилган STEM (science, technical, engineering, mathematics) лойиҳаси аъзолари билан ҳам суҳбатлашди ва уларнинг тақдимотларини кузатди.

STEM лойиҳасида институтда вилоятдаги ОТМларнинг математика, физика, биология, кимё, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, муҳандислик каби таълим йўналишларидаги талабалар учун бепул инглиз тили курслари ташкил этилган бўлиб, машғулотлар Америкадан келган малакали ўқитувчилар томонидан олиб борилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
​​#ОТМ_янгиликлари

Чирчиқ давлат педагогика институтида “5 муҳим ташаббус” лойиҳаси ғолиблари тақдирланди

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида бешта муҳим ташаббус доирасида ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этган ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда институт маъмурияти, шаҳарнинг тўртта сектори раҳбарлари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, 14-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда бешта муҳим ташаббуснинг ҳар бир йўналишида ўтказилган кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида фаол қатнашган ўқувчи ва талаба-ёшлар турли номинацияларда тақдирланди.

Учрашув давомида шунингдек, 4 та сектор ҳомийлигида шаҳардаги адабиёт ва шеъриятга қизиқиши бор, иқтидорли ёшларнинг ижод намуналарини тўплам шаклида нашр эттириш таклифи билдирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
#Yoshlar_bilan_muloqot

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосарлари талабалар билан учрашди

Ўзбекистон Миллий университетининг талабалар турар жойида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Тошкент давлат техника университети ректори иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Учрашувда вазир ўринбосарлари У.Бегимқулов ва Б.Шермуҳамедовлар талаба-ёшларни қизиқтирган барча саволларига жавоб берар экан, уларни талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вазирлик томонидан яратилаётган имкониятлар билан таништирди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда талабалар таълим сифатини яхшилаш борасида ўзларининг таклиф-мулоҳазаларни билдирдилар.

Жумладан, талабаларни иш билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш соҳасига йўналтириш мақсадида микрофирмалар ташкил этиш, физика, кимё лабораторияларини зарур ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек, замонавий ўқув адабиётлари билан бойитиш каби кўплаб амалий таклифлар ўртага ташланди.

Тадбир сўнгида вазир ўринбосарлари Ўзбекистон Миллий университетининг янги қуриб битказилган 1-сон талабалар турар жойидаги шароитлар билан танишдилар.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
#Универсиада2020

"Универсиада – 2020": бадминтон бўйича баҳслар якунланди

2020 йилнинг 28 – 30 январь кунлари Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида бадминтон бўйича “Универсиада-2020” спорт ўйинларининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақада жами 154 нафар спортчи талаба иштирок этди. Турнирнинг якуний натижаларига кўра эса қуйидаги вилоят вакиллари ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин эгаллашди:

✅ Яккалик:

Эркаклар жамоаси

👉 1-ўрин - Андижон вилояти;
👉 2-ўрин - Тошкент вилояти;
👉 3-ўрин - Навоий вилояти.

Аёллар жамоаси

👉 1-ўрин - Сирдарё вилояти;
👉 2-ўрин - Андижон вилояти;
👉 3-ўрин - Қорақалпоғистон Республикаси.

✅ Жуфтликлар:

Эркаклар жамоаси:

👉 1-ўрин - Сирдарё вилояти;
👉 2-ўрин - Тошкент вилояти;
👉 3-ўрин - Андижон вилояти.

Аёллар жамоаси:

👉 1-ўрин - Сирдарё вилояти;
👉 2-ўрин - Қорақалпоғистон Республикаси;
👉 3-ўрин - Наманган вилояти.

✅ Аралаш жуфтликлар

👉 1-ўрин - Навоий вилояти;
👉 2-ўрин - Тошкент вилояти;
👉 3-ўрин - Хоразм вилояти.

🏆 Умумжамоа ҳисобида

👉 1️⃣-
ўрин - Тошкент вилояти;
👉 2️⃣-
ўрин - Қорақалпоғистон Республикаси;
👉 3️⃣-
ўрин - Сирдарё вилояти.

Қайд этиш лозим, “Универсиада”нинг навбатдаги стол тенниси йўналиши бўйича ўтказиладиган беллашувларига 3 – 6 февраль кунлари Тошкент шаҳри мезбонлик қилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
#ОТМ_янгиликлари

АндДУ қошида яна бир фалсафа доктори (PhD) илмий кенгаши ўз фаолиятини бошлади

ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация Комиссиясининг 2019 йил 30 декабрдаги 273/2-сонли қарорига асосан Андижон давлат университетида иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш ташкил этилди.

Илмий кенгашда 08.00.13 — “Менежмент” ихтисослиги бўйича диссертациялар ҳимоя қилинади.

Ушбу қарорга кўра мамлакатимиздаги ОТМларнинг етакчи олимлари бўлган илмий кенгашнинг 9 нафар, кенгаш қошидаги семинарнинг 16 нафар аъзоси тасдиқланди. Кенгаш раиси этиб иқтисодиёт фанлари доктори, АндДУ профессори Нодирбек Асқаров тайинланди.

Илмий кенгаш аъзоларининг 6 нафари, кенгаш қошидаги илмий семинарнинг 5 нафар аъзоси АндДУ профессор-ўқитувчилари ҳисобланади

Маълумот учун, бугунги кунда республикадаги олий таълим муассасаларида 88 та илмий кенгаш фаолият юритади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
​​#ОТМ_янгиликлари

Эрасмус+ нинг янги лойиҳалари амалий жараёнга ўтди

Халқаро Эрасмус+ дастурида ғолиб деб топилган янги лойиҳалар иш бошлади. Жумладан, "Гендер нотенглигига оид зўравонликларнинг олдини олиш бўйича имкониятларни кенгайтириш йўллари" ("Pathways to Empowerment in Gender-Based Violence Prevention”) лойиҳаси иштирокчилари Гозо шаҳрида (Мальта) илк ҳисобот йиғинларига тўпланишди.

Канада, Италия, Норвегия, Болгария, Греция, Мальта ва Ўзбекистон сингари 11 давлат вакиллари ўз ҳудудларида мавжуд гендер муаммолари ва уларнинг ечимларига доир таклифларини билдиришди.

Ўзбекистон номидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ушбу лойиҳанинг аъзоси саналади. Дастлабки йиғинда лойиҳа координатори Нозлия Нормуродова иштирок этди.

Малтадаги йиғинларда 11 давлат иштирокидаги янги учта лойиҳа тасдиқланди ва шартномалар имзоланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
​​Геология фанлари университети ташкил этилади

Бугун, 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Олимлар кўчасидаги илмий-тадқиқот институтларига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги 4 та муассаса – Геология ва геофизика институти, Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти, Минерал ресурслар институти, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институтлари негизида ташкил этиладиган Геология фанлари университетига тамал тошини қўйди.

Мазкур муассаса таълим ва илм-фан кластери шаклида бўлади. 4 та институтнинг моддий-техник базаси ва илмий кадрлар салоҳияти бирлаштирилиб, энг илғор ускуналар билан жиҳозланади. Санкт-Петербург тоғ-кон университети ва бошқа нуфузли даргоҳлар билан ҳамкорликда таълим дастури йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари университет қурилишига оид лойиҳалар билан танишди. Ўқув бинолари ва лабораторияларни чет эл тажрибаси ҳамда касб спецификасидан келиб чиқиб қуриш, майдонлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
​​#ОТМ_янгиликлари

Тошкент давлат стоматология институтида ректор стипендияси таъсис этилди

Тошкент давлат стоматология институтида талабаларни қўшимча рағбатлантириш, уларни фаол яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш, муносиб тақдирлаш мақсадида ректор стипендияси жорий қилинди. Стипендия эгаларини институт илмий кенгаши қарори билан тасдиқланган ишчи гуруҳ аниқлайди.

Бу ҳақда 2020 йил 31 январь куни институтда ректор ва талабаларнинг очиқ мулоқотида расман эълон қилинган.

Ректор стипендияси миқдори 500 минг сўм бўлиб, 2019/2020 ўқув йилининг баҳорги семестридан таъсис этилади ва бутун семестр давомида берилади.

Мазкур стипендияни қўлга киритиш учун талаба институтнинг барча фанларини чуқур ўзлаштириши, халқаро ва республика илмий-амалий анжуманлари, танлов ҳамда фан олимпиадалари сертификатларига эга бўлган, спорт ва маънавий тадбирларда иштирок этиши, IELTS ва бошқа тил билиш даражасини тасдиқловчи сертификатларга эга бўлиши лозим.

Ректор стипендияси учун номзодлар деканат ва Ёшлар иттифоқи талабалар кенгаши тавсияномасига кўра, танлов асосида саралаб олинади.

Шунингдек, институтда изланувчан педагогларнинг “Скопус” тизимидаги халқаро журналларда чоп қилинган ҳар бир мақоласи учун 3 млн. сўм гонорар ҳам жорий қилинган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
​​#5tashabbus

Ректор ўз қадрли китобларини талабаларга туҳфа этди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида
талаба-ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган муҳаббатини янада ошириш, уларнинг маънавий, илмий салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш мақсадида “КИТОБ ТАҚДИМ ЭТ!” акцияси бошланди.

Мазкур акция Президентимизнинг “Бешта муҳим ташаббус” лойиҳаси доирасида академия профессор-ўқитувчиларининг кутубхона фондини бойитиш орқали ёшларнинг илмий-маърифий китобларга қизиқишини қўллаб-қувватлаш бўйича фаоллиги асосида ташкил этилди.

Эътиборлиси, мазкур ўзига хос акция Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, президентнинг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Рустам Қосимов томонидан кўп йиллар мобайнида севиб мутолаа қилиб келинган элликка яқин илмий, диний-маърифий ҳамда бадиий адабиётларни тақдим этилиши билан бошланди.

Акцияга академиянинг қолган раҳбар-ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳам қўшилиб, ўзларининг қадрли ва ноёб китобларини академия кутубхонасига туҳфа этишди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
​​#Онлайн

«Йил талабаси-2019» республика танловининг якуний босқичи ўтказилмоқда

Айни дақиқаларда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги «Маънавият ва маърифат марказида республика ОТМ талабалар ўртасида «Йил талабаси-2019» республика танловининг якуний босқичи ўтказилмоқда.

Танловнинг республика босқичида 7 та номинация бўйича республикамиздаги 25 та ОТМдан 32 нафар талаба иштирок этмоқда.

“Йилнинг энг намунали тадбиркор талабаси” номинацияси бўйича илк иштирокчи - Қорақалпоқ давлат университетининг талабаси Дилназ Адилгаева тақдимот қилди. У бугунги кунда қорақалпоқ халқи анъаналаридан фойдаланган ҳолда миллий либосларни яратиб келмоқда.

Ушбу танлов иқтидорли талабаларни аниқлаш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида вазирлик томонидан ўтказиб келинмоқда.

«Йил талабаси-2019» давом этмоқда, якунлари ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
​​#ОТМ_янгиликлари

Самарқанд ветеринария медицинаси институти жамоаси Орол бўйида дарахтлар экишда қатнашди

Самарқанд Ветеринария медицинаси институтининг профессор ўқитувчилари ва бир қатор талабалари “Яшил ўлка” акцияси доирасида Орол бўйида дарахт экиш ҳашарида иштирок этишди.

Акция доирасида талабалар ва институт профессор ўқитувчилари томонидан саксовул ва бошқа дарахт ниҳоллари экилди.

Шунингдек, бу ерда меҳнат қилаётган кўнгиллиларга Самарқанд нони ва бошқа миллий ширинликлар тортиқ этилди. Ноқулай об-ҳаво шароитига қарамасдан, дарахт экаётганларга палов тайёрлаш учун масаллиқлар ҳам етказилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
Қадрли талабалар!

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Yoshlar” телерадиоканали ҳамкорлигида янги лойиҳа – “TalabaUz” радиодастурининг йўлга қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.

“TalabaUz” радиодастурининг муаллифи – республика ва хорижий ОТМларда таҳсил олаётган талабалардир.

Сиз бу дастурда ўз ижодингиз намуналари, ўзингиз таҳсил олаётган олий таълим муассасасидаги янгиликлар, ўқув жараёнларидаги қизиқ воқеалар, ёки талабаларни қийнаётган муаммолар ҳақида овозли хабар юборишингиз мумкин.

Айни вақтда ОТМларда давом этаётган якуний назоратлар жараёнидан “қайноқ” хабарлар билан бўлишинг.

Овозли хабарларни телеграм тармоғи орқали (90) 9851761 рақамига юборинг.

Барча талабаларни дастурда фаол иштирок этишга чақирамиз!

Дастур ҳафтанинг чоршанба кунлари "Yoshlar" радиоканали (FM 104.0)да соат 16:15 дан эфирга узатилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ