КФ канали
31 subscribers
29 photos
7 videos
33 links
Shukurjon Islomovning kanali. Munosabat, fikr, turli mavzular, ba'zan yumor
Download Telegram
Channel created
Channel photo updated
Катта Фарғона каналининг узунлиги 350 км. 1939 йилда 45 кун давомида қуриб битказилган. Қурилиш жараёни Саид Аҳмаднинг "Қирқ беш кун" романида бадиийлаштириб тасвирланган.
Канал сув ўтказиш қобилияти сониясига 180 кубометр. Канал суви баҳорда кўп ва лойқа, кузда оз ва тиниқ оқади.
(синов пости)
“Россия таркибига субъект сифатида қўшилайлик. Ҳаммамизга яхши бўлади. Россия – буюк давлат. 130 йил бирга яшаганмиз. Чегараларимизгача улар чизиб берган”
Аҳмоқона ва провокацион гаплар ёздим, тўғрими? Асабингиз қўзғади. Дўстликдан бекор қилишни ҳам ўйладингиз. Миллат тақдири билан ўйнашяпсанми, деб муштингиз тугилган бўлсаям керак. Энди Тошкентдаги ҳаворанглар намойиши мавзусига ўтамиз. Шу ҳақда ёзмай қўяқолай, тарғиб бўлмасин дейсан-у, аллақачон қишлоғингдагиларгача муҳокама қиляпти.
Мундай олсак, бу ҳақда айтилмаган гап қолмади ҳисоб. Кўпчилик бир фикрда умумий: лгбт тарғиботини қўлламайман, шунингдек уларга куч ишлатишни ҳам қоралайман, барчасини қонунан ҳал этайлик, болалар провокацияга учди вҳкз. (Айримлар калтаклаган болаларни потенциал террорчи дейишгача борди) Бу гапларнинг ҳаммасида жон бор, аммо бир нуқтага эътибор қаратсам.
Назаримда, буларни жунбушга келиб, кўчага чиқишга лгбтчиларга нафратгина эмас, давлатга нисбатан ишончсизлик, аниқроғи давлатимизнинг шуларга нисбатан бефарқ кўрингани ундади. Тўғри, кейинроқ Акмал Саидов ғарбда шу масала кўтарилганида Ўзбекистон вакиллари мусулмон давлатлари қаторида залдан чиқиб кетганини ёзишди, аммо виртуал ғалаёнда у маълумот деярли сезилмасдан қолиб кетди. Давлат – катта бошқарув институти, тўла картинани кузатса-да айрим масалаларни эътибордан четда қолдириши мумкин. Катта тўн иситмайди, деган гап ҳам бор. Гоҳида фуқаролар фаол равишда ўз позициясини (албатта, қонун доирасида) намойиш қилиб қўйиши ҳам керак.
Калтакланган Миразиз Бозоров деган блогерни кўпчилик мен каби энди номини эшитиб турган бўлса керак. Кечагина унинг фаолияти ҳақида ўқидик. У Ўзбекистонда свинг-маҳаллалар тузишни тарғиб қилган экан. Яна мачит олдида намойиш ўтказишни ҳам таклиф қилган. Келинг, гуглламай қўяқолинг, свинг-маҳалла дегани эркаклар аёлини қўшнилари билан баҳам кўрадиган маҳалла дегани. Бу қанчалик қонунга мослиги бир тараф, аммо унинг бу чиқишларини ҳуқуқ органлари эътиборсиз қолдиргани қизиқ. Эҳтимол, огоҳлантириб/жарима солиб тарғиб қилиб қўймайлик, Овертўн, бало-баттар дейишгандир. Фаоллар “эгри мўридан эгри тутун”, деб қўл силтаб қўяқолгандир. Аммо шу ҳолат қизиққон ёшларга тегишли шахсларнинг лоқайдлиги бўлиб туюлган бўлса, ажаб эмас. “Cукут аломати ризо” дейишади, ие, тўхта, давлат уларга индамаяпти, демак бир гап бор. Давлат теппасида шунақаларга мойиллар ўтирибди, дея ёшларга қутқу соладиганлар ҳам йўқ эмас.
Очиғи, мен давлат раҳбариятида шунақаларга мойиллар бор, деган гапга ишонмайман (ғарб босими бошқа нарса). Соғлом фитратли одам бунга мойил бўлиш тугул ҳатто, бунақалар билан саломлашгиси келмайди. Гап келганда бир қизиқ ҳол. Бир твиттерчи укамиз “мен лгбтчи эмасман, аммо шуларга эркинлик бериш керак” деб фалсафа сўқиб турарди, бир куни дабдурустдан “иккинчи марта шуларни ёқласам, фалон бўлай” деб қолди. Қизиқсак, тақдир шунақалардан биттаси билан тасодифан учраштириб қўйган экан, ҳатто қўл узатгиси келмабди. Ҳа,қўрқмайсан-а, қўрқмайсан. Эртага ўғлинг, “дада, шу ўртоғим яхши болаю, сал ҳаворангроқ” дейишини ким ҳам истарди дейсиз.
Юқорида тилга олганим ишончсизлик кўп нарсага сабаб. Эслаймиз: ўтган йиллари “Ўлмас полк” тадбири ўтказилиши ҳақида гап сизди. Ҳокимлигу Ички ишларгача қатъий “ўтказилмайди” дейишди. Шунга қарамасдан бемалол ўтказилди, Ленину Сталинларнинг расми намойиш қилинди, қизил байроқ ҳилпиради. Буни мустақиллик ёшлари жуда оғир қабул қилди. Лгбтчилар билан ҳам шунақа бўлиши мумкинмиди? Билмадим. Гарчи уриб қонига бўяганларини ёқламасам-да, ҳозир анча эсларини йиғиб олганларига шубҳам йўқ.
👇👇👇
(давоми)
Ҳа, дунёвий давлатмиз, аммо дунёвий давлатларда ҳам ёзилган ва ёзилмаган қонунлари, қадрияти бўлади. Тўғри экан, деб ўйлаган гап айтилавермайди. Қолаверса, кўча тўполонлари, ур-йиқитлар дунёвий давлатларда тез-тез бўлиб туради. Кўчада “Аллоҳу акбар” деб бақириш, билишимча, қонунан тақиқланмаган. Дарҳол “радикал ёшлар”, “потенциал исламистлар”га урғу беравермаслик керак. Янаям бизда полицияга қўл кўтариш йўқ, давлат идорасини остин-устун қилиш йўқ.
Лгбтчиларга қарши позицияда кўчага чиққанлар орасида соғлом фикрлилар оз эмас деб ҳисоблайман. Фуқаро ўзининг позициясини интернетдагина эмас кўчада ҳам билдириши мумкин. Тўғри, қонунларимиз уюшиб кўчада намойиш қилишни қарийб имконсиз қилиб қўйган, аммо барибир бунга қачондир рухсат берилади. Фақат интернетда кўрсатилган эътирозлар етарли бўлмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, лгбтчиларни калтаклаганларнинг жавобгарлигини енгиллаштириш, нариги тараф даволангач, тегишлича жавобгарликка тортиш керак, деб ҳисоблайман.
(Айтганча, Россияга субъект сифатида қўшилайлик, деган гапни қозоғистонлик блогер Ермек Тайчибеков айтган. У шу таклифи билан танилиб кетган ва жамоатчиликнинг ғазабини қўзғаган. Аввал жиннихонага, кейин “ижтимоий, миллий... диний низо қўзғаганлиги учун” қамоққа ташланган)
Шу кунларда Эфиопия давлатидаги танглик дунё ОАВларида бош мавзулардан бўлиб қолди. Кун.уз Эфиопиядаги зўравонлик, қатлиом ҳақида ёзибди. Эътиборлиси шундаки, Эфиопия кеча ёки бугун мустақилликни қўлга киритган тажрибасиз давлат эмас. Бой тарихи бор. Айниқса, ўтган икки асрда Европа мустамлакачилари Африка қитъасини батамом бўлаклаб олганда Эфиопия курашлар ва сиёсий йўллар орқали мустақиллигини сақлаб қолганига қойил қилса арзийди. Аммо шундай давлат бугун инқироздан боши чиқмаяпти. Иқтисоди ҳам жуда ночор.
Демак, буюк тарихга эгалиги, эрксевар халқи борлиги ва ҳамиша мустақиллигини сақлаб қолганлиги ҳар доим ҳам тараққиёт кафолати бўлавермайди.
Блогер Сардор Салимнинг диагнозлари (ташхис) эътиборга лойиқ. Демак, носозлик сезилса, радиатор, карбюратор ёки аккумуляторни кавлаштирманг, гап унда эмас. Гап моторда. Бу ташхис ремонтни қаерга қаратишга, ҳеч бўлмаса бошқа механизмлардан беҳуда айб қидирмасликка ўргатади. Сардор Салимни кузатиб боришни тавсия қиламан
"Ўзёғмойсаноат" уюшмасининг сайти бизга келажакдан, аниқроғи, шу йилнинг 2 май санасидан туриб ёзмоқда 😁

https://yogmoy.uz/uz/post/view?slug=duneda-ozik-ovkat-masulotlarining-narhi-keskin-osdi
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Ўзбекистонда бир муддат яшаб она тили финча билан бирга ўзбек тилини ҳам яхши ўрганган "ўзбек Бенжамин"дан рамазон қўшиғи
Викига ишонма, викисиз юрма

Коррупцияни қабул қилиш индекси бўйича дунё мамлакатлари рейтингида қўшни Қозоғистон 30-поғонага кўтарилган экан (2018 йилги маълумот, энг юқорида Дания - 89, энг пастда Жанубий Судан - 9). Бу рус тилидаги википедия маълумоти. Қозоғистоннинг натижаси, ҳаттоки, Исроил, Полша, Чехия, Испания, Жанубий Корея, Руминия, Малайзия, Греция, Туркия ва Украиналарникидан ҳам яхшироқ. Аввалига қойил қолиб, кейин викининг инглизча саҳифасини очсам, 2018 йилда Қозоғистон 31 кўрсаткич билан рейтингнинг 90-поғонасидан пастроқда турган экан.
Викига ишонма, викисиз ҳам юрма
Айтганча, Ўзбекистон 26 кўрсаткич билан 2020 йилги рейтингнинг 146-поғонасида экан. Расмда коррупцияни қабул қилиш индекси харитада тасвирланган
Одамзод, эҳтимол, 5 минг, эҳтимол, 50 минг йил давлат тузиб яшади. Саноқли даъвогарларнинг ҳокимиятга интилиш истаги орқасидан оддий одамлар қирилди. Рақибини ағдарганлар унинг тарафдорларидан тортиб оиласигача йўқ қилди. Охири бир ақлли одам чиқиб “токайгача ҳокимият учун бир-биримизни ғажиймиз. Келинг, ҳокимиятга даъвогарлар партия тузсин. Тарафдор йиғсин, рақобатчилари билан баҳслашсин, зўрлигига одамларни ишонтирсин. Сайлов қилайлик, ютиб чиқса ана олий мансабни олсин. Қурол билан эмас, сўз билан курашайлик”, деди. Оқил одамлар шу тартибни жорий этгач, урушлар камайди, мамлакатлар тараққий қилди.
Кўппартиявийликнинг яхши томонларидан бири шуки, сайловчи меъдасига теккан президент/раис/премьерни танламасдан, бошқа таниқли бўлмаган ёки тажрибасиз бошқа номзодга овоз бериши ҳам мумкин. Украинадагидек. Нима бўпти, одамлар сиёсатчини эмас, актёрни танласа. Асосийси уни фуқаро танлади, бўлди-да. Бу ҳам протестнинг тури.
Афсуски, юз йиллардан бери яхши бошқарувга ёлчимаган бизнинг давлатимизда ҳам кўппартиявийлик учқунлари дарҳол ўчирилган (аниқроғи, сунъий кўппартиявийлик мавжуд). Ташаббуслар бости-бости қилинган ва ҳозир ҳам қилинмоқда. Бунга мисол, ўтган йилдан бери тузишга ҳаракат қилиб келинаётган “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясидир. Аҳад Қаюмнинг ҳар бир чиқишинию, вазир/ҳокимларнинг қовун туширишини ҳафталаб муҳокама қиладиганлар бу ташаббускорлар ҳақида индамай қўяқолишни афзал кўрмоқда. Индаганлар ҳам уларда етакчиликка лаёқат кўрмаганлигини айтиш билан чекланмоқда.
Майли, уларда бошқарувга лаёқат бўлмасин, президентликка қобилият бўлмасин – аммо улар ноқонуний иш қилаётганини кўрмадик-ку. Марҳамат, Хидирназар Оллоқулов партия тузсин, сайловда қатнашсин, эпласа ютиб чиқсин. Ислом Каримов ҳам, Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакатнинг ўзидан мустақил партиялар етишиб чиқиши мумкинлигини айтганини яхши эслайман. Тўғри, президентни алдаманглар, бу ишлардан у бехабар, дейдиган даражада гўл эмасман, аммо янги партия ташкил этилишига қаттиқ қаршилик бўлаётганини кўриб-билиб турибмиз, гоҳ ошкор, гоҳ зимдан кузатяпмиз.
Одамлар қонун доирасида турли уюшмаларга уюшиши, партиялар тузиши, давлат сиёсатини партиялар баҳси асосида белгилаш демократик ва ҳуқуқий давлатчиликнинг шартларидан бири эмасми? Чўнтак партиялар бу ишга қодир эмаслигини ҳамма кўриб турган, уларнинг баёнотлари кулгу ва истеҳзо билан қарши олинаётган, улардан ҳеч ким умид қилмаётган бўлса. Янги партия тузилишига, улар ўзини кўрсатишига имкон бериш керак. Ҳозиргача уларнинг йиғилиши тўхтатилибди, оила аъзоларигача босим кўрсатилибди. Ҳуқуқий ва демократик давлатда бу ишлар бўлиши керакми?
Мен янги партия ташаббускорларига йўл очилиши, уларга босим ўтказилмаслиги керак деб ҳисоблайман. Шу билан бирга хонакилаштирилган блогерлар уларнинг йиғилишига аралашиб тарқатган турли мишмишларни уюштирилган деб биламан. Пастдан ташаббус билан социал-демократик партиялар, миллий йўналишдаги партиялар тузилсин, борингки, (тақиқлар олиниб) социалистик ва исломий йўналишдаги мўътадил партиялар тузилсин. Токи мамлакатимизда ҳақиқий маънодаги кўппартиявийлик қарор топсин, сайлов эркин ўтсин, фикр эркинлиги бўлсин, қонун устун бўлсин.
(эски постлардан)
"Мендирман Жалолиддин"нинг биринчи сериясини кўрибоқ мақташ учун клавиатурага чопгандим. Мана бугун 10-сериясини кўриб совуқ идрок билан ёзадиган бўлсак, жуда маишийлаштириб ташлашибди.
▪️Жалолиддин тўйдан олдин келинкўйлак танлаш учун бозорда газламафуруш билан савдолашиб юрибди.
▪️Жалолиддин Қутлибекага бағишлаб шеър ёзолмай қофия излаб бўғиляпти.
▪️Хоразмшоҳ саройида кечасию кундузи чўгирма кийиб юришади. Чингизийлар эса ёзда ҳам қалин пўстинда.
▪️Саройда биттагина табиб бор. Бўлғуси келинларни илон чақиб олса, табиб навбати билан уларга қараяпти.
▪️Мамлакатнинг энг шарқий ҳудуди бўлган Хўжанд ҳокими Темур Маликнинг умри пойтахтда ўтади. Ҳатто илонбоз кампирни тутиб келиш ҳам унинг зиммасида.
▪️Никоҳ тўйи бўлаётган шаҳзода Жалолиддин лойсувоқ деворлар олдида ўйин-кулги қилиб юрибди.
▪️Саҳналар кўламига қарасангиз, Чингизхон саҳройи қароқчилар бошлиғи. Хоразмшоҳ эса ўртачароқ шаҳарнинг пошшосини эслатади. Чингизхоннинг лагерида 5-10 мингта аскарга жой бор.
Албатта, Жалолиддиннинг ҳам шахсий ҳаёти бўлган, аммо кинода маиший жиҳатларига шунчалик тўхталишини кутмаган эдим. Жалолиддин Мангуберди деганда жасур саркардани эслаймиз, борингки, ватанпарвар шаҳзодани биламиз. Қайлиғига келинкўйлак излаб юрган романтик йигитни эмас, ҳар ҳолда. Ўнинчи серия бошланди ҳамки, Жалолиддин севиклисига уйлана олмади. Худди, замонавий турк сериаллари дейсиз)) У қачон уйланадию, қачон Чингизхон билан урушга киришади. Кузатамиз.