Surxondaryo viloyat Bolalar kutubxonasi📚📚📚
882 subscribers
26.2K photos
2.11K videos
13 files
4.49K links
Kitob mutolaasi,
Umr foydasi...!

Kanalimizga obuna bo'ling aziz kitobxonlar
👇👇👇👇👇👇👇👇👇👇

@surxondaryobolalarkutubxonasi
Download Telegram
Madaniyatdan ma'rifatdan sózlovchi maskan
Surxondaryo viloyat Bolalar kutubxonasida
Kitob bilan 📚 Kitobxon 📚
joriy yilning 6 oktabr kuni
holatiga kòra ZIYO ULASHGUVCHI                   
MASKANDA
7 yoshdan 70 yoshgacha bo'lgan kitobxonlar  bilan


#Surxondaryo viloyat  bolalar kutubxonasi Axborot xizmati

| Telegram | Instagram | Facebook |
Kitob...

Uch söz bilan öz ta'rifingizni bildiring...


Xolida Raxmatullayevna
MEN O'QIB TUGATGAN KITOB......


Xolida Raxmatullayevna
MEN O'QIB TUGATGAN KITOB


“КИТОБ ЎҒРИСИ”
Thief by Markus Zusa
1888-1889 йилларда Гитлернинг онаси Клара Гитлер сал бўлмаса ҳомиласини олдириб ташлатмоқчи бўлган экан. Аммо фикридан қайтиб яқин келажакда дунёни остин-устун қиладиган ўғлини дунёга келтирган эди. Шу кунгача учта боласини тупроққа бериб, юрак олдириб қўйган 30 яшар она яна нима қилсин. Вақти келиб шу мурғак чақалоқ – Биринчи рақамли фашистга айланишини она етти ухлаб тушида ҳам кўрмагандир ахир.
Шундай иборалар кўп айтилади: Агар ўшанда Гитлер туғилмаганида эди... агар Наполеон қўшини Москвага бормаганида эди... агар Амир Темур қаҳратон қишда Хитой сафарига отланмаганида эди... Тарих дафтарларида бунақа агар, агарлар жуда кўп. Бироқ биз битта буюк ҳақиқатни ҳисобга олмаган бўламиз. Бу муқаррарлик қонуни яъни Худонинг иродасидир! Юқорида санаган эҳтимолларимиз аслида бўлиши керак бўлган фожиалар, воқеалар, тақдир битиклари эди. Тақдирга қарши ҳеч ким қарши чиқа олмаган, чиқа олмайди ҳам.
Шекспир айтганидек, “ҳаёт бу – театр, одамлар эса унда актёрлардир”. Гитлер, Сталин ва Ленинлар, Наполеон, Амир Темур ва Чингизхонлар, ҳатто замонамиздаги Ким Чен Ин ва Мадуролар, Аркадағ ва Лукашенколар, Путин ва Жорж Бушлар ҳам ўзига юклатилган ёвузлик ролини аъло даражада бажарган ва бажараётган ҳаёт актёрларидирлар. Қайсидир олим айтганидек, “биз аслида тақдирнинг олдиндан ёзиб қўйилган сценарийси асосида турли даврлар ичра ўз ролимизни ўйнаб, яшаётгандекмиз...”
Шуларнинг ичида Иккинчи жаҳон уруши энг даҳшатли оқ-қора кинолента бўлиб тарихда қолди. Маркес айтганидек: “Такаббурлик ва шон-шуҳрат билан ҳам меҳр қозониш мумкин экан”. Биринчи жаҳон урушида ефрейтор бўлиб қон тўккан бу паканага Худо томонидан юксак нотиқлик иқтидори юқтирилган эканки, ХХ аср бошида немисларнинг мафкурасиз бўм-бўш каллаларига ўз Манифести (“Майн Кампф”)ни зич қилиб қуйиб чиқди. Оқибатини эса биласиз.... Минг йиллик рейх, свастикали байроқ, Олий ирқ, Яҳудийлар қирғини, Освенцим, дунёга давогарлик, 50 миллион ўлим ва Нюрнберг суди...
“Китоб ўғриси” ана шу 6 йиллик қўрқинчли замоннинг кичик солномаси, кичкинагина драмасидир. Унинг муаллифи қандай муваффақият қозонди деб сўрашса ҳазил тариқасида, шундай жавоб берардим: “Ёзувчи ҳам Гитлер туғилган Австрияда туғилган-ку. Балки шунинг учун Гитлерга қарши дунёнинг энг гўзал романини ёзгандир” дердим. Албатта бу ҳазил... Аммо бир факт бор: Маркус Зусак Иккинчи жаҳон урушини умуман кўрмаган! У уруш тугаганидан 30 йил ўтиб дунёга келган. Лекин нима бўлганда ҳам унга Лизел ҳақидаги “рангли роман”ни ёзиш бахти насиб этган экан.
Зусак бу романи билан “Майн Кампф”ни адабий рингга чорлади ва уни аёвсиз жангда нокаутга учратди.
Гарчи ўз романида яҳудий Максни Фюрер билан хаёлий рингда уруштириб, ютқаздирган бўлса-да, романтик-реалист сифатида унинг қасосини олиб берди. Бироқ ёзувчи роман сюжетида жим туради. Унинг борлиги ҳатто сезилмайди ҳам. Бу қиссани Зусакнинг ўрнига бутунлай ўзгача ва ғаройиб бир “эртакчи” сўзлаб беради:
“Дунёда бир-бирига ўхшамайдиган бир миллиард ёки шунга яқинроқ ранглар бор...
Шахсан менга шоколад рангли осмон ёқади. Қоп-қора шоколад рангидаги осмон жону дилим...”
Бу ҳикоячини ким деб ўйлайсиз. Ўша ўғри қиз – Лизелми ёки яҳудий муштумзўр Максми? Йўқ албатта! Бу эртакчи рангларга қизиқувчи – Ажал яъни Ўлим фариштасидир!
Шу пайтга қадар жуда кўплаб бадиий асар ўқиб, турли-туман персонажларни кўрибману, бунақа ғаройиб қаҳрамонга дуч келаман деб сираям тасаввур қилмагандим. Ажални ровий ёки бош қаҳрамон қилиш ғоясини менимча Г.Уэллс, Бредбери ва Маркесдек буюк фантастлар ҳам ўйлаб топа олмасдилар. Китобни очишим билан ЎЛИМ ФАРИШТАСИ тилга кирди. Мен бошида буни ёзувчининг ҳазилими деб ўйлаб адашибман. Аслида бу М.Зусак сценарийси асосида немислар ва яхудийлар рол ижро этган, режиссёри Ажал бўлмиш кино экан.
Лизель қиёфасида мен 1940 йиллар китобхонини кўрдим. Ҳали телевизорлар мавжуд бўлмаган бу замонларда газеталар ва радиоаппаратлар кишиларнинг ёлғиз овунчоғига айланган бўлса-да, КИТОБнинг ўз юксак ўрни бўлган эди. Лизель Мемингер – ўқувчига китобларни ўғирлаб, уларни қутқарувчи Китоб фариштаси бўлиб намоён бўлади!
1939 йил 20 апрелда Гитлернинг туғилган куни оқшомида душманларга тегишли китобларни майдондаги катта гулханда ёқиш маросими бўлади. Ўша пайтда Лизелнинг чақнаб турган кўзларини эслайсизми? Романда бўлмаса, киносида кўргандирсиз. Унинг бола юзида ачиниш, нафрат ҳамда норозилик акс этгани, маросимдан сўнг ўчаётган куллар ичидан биттагина қайноқ китобни тортиб олиб, ўғрилаб кетаётганидаги жизғанакка чидамларини шунчаки ўқиб бўлмайди.
Китоб ўғриси асар давомида турли хил китобларни ўғрилайди, совға сифатида олади ва ўқиб чиқади. “Гўрковлар учун қўлланма”, “Фауст лақабли ит”, “Маёқ”, “Елка қисиш”, “Тепадан қаровчи одам”, “Ҳуштакбоз”, “Лойдан ясалган одамлар”, “Сўз силкитувчи”, “Туш ташувчи”, “Зулматдаги қўшиқ”, “Дуден луғати”, “Сўнгги бегона одам”...
Асарда қиз ҳақида шундай маълумот бор:
“1-китоб ўғирланган сана: 1939 йил 13 январ
2-китоб ўғирланган сана: 1940 йил 20 апрел.
Ўғриликлар орасидаги вақт – 463 кун”
Зулматдан яралган, ўқишни билмайдиган қизалоқ асар охирида китоб ёзадиган ёшгина ёзувчига айланади. Шу пайтгача ўғрилаган китоблари унга ёзишни ўргатади, мукофотига унинг ҳаётини ҳам сақлаб қолади. Иттифоқчилар Ҳиммел кўчаси устига ўлим бомбаларини ёғдириб, шаҳар кулини кўкка сочган оловли тунда Лизел ертўлада илҳом билан “Китоб ўғриси”ни ёзаётган бўлади. Мўъжизани қарангки, ўша тунгги қиёматда Лизель Мемингерни сўзлар ва китоблар қутқариб қолади.
Ёзувчи ўзининг юксак маҳорати билан II жаҳон урушининг жамики даҳшатларини Мюнхендаги Молкинг шаҳарчасига олиб келади.
Бу романни ўқиган китобхон бахтли китобхондир! Муаллифнинг кашфиётлари ўқувчини ҳайратга солади. Ўлим фариштасининг мухбирлик репортажлари, мутолаа жараёнида тўсатдан рекламага ўхшаб чиқиб қоладиган кичик-кичик (notes) эслатмалар, келажакдаги муқаррар воқеалар ҳақидаги огоҳлантиришлар...
Яхшилик ва ёмонликни турлича ифодалайдиган ёзувчилар учун янги услуб топиш катта бахтдир. Зусакнинг бу услуби шу пайтгача адабиёт саҳнасида учратилмаган эди. Балки бўлгандир, аммо ўзим бундай шаклдаги асарга дуч келмаганим аниқ.
Лизель ва Руди, Ганс ва Роза, Макс Ванденбург ва Ильза Герман ҳамда Штайнерлар оиласи эзгулик қиёфасида келади. Гитлер ҳамда унинг фашистлари, Франк Дойчер ва Хуберманларнинг ўғли каби фашизмнинг ёш хизматчилари эса ёвузлик тимсолларида намоён бўладилар.
Роман сизу бизга немисларнинг номаълум ҳарактерларини ҳам кўрсатиб ўтади. Ҳозирда Европадаги энг ақлли ва тартибли, ҳаққоний ва намунавий миллат бўлган – немисларнинг аслида жуда сўконғичлиги, чўчқа сўзини кўп ишлатиши ва ўзини энг олий ирқ деб ҳисоблашининг гувоҳи бўламиз.
“Schweine! (Чўчқа!) Немислар ҳақида гап кетганда бир нарсага амин бўлганман: улар чўчқаларни жуда яхши кўришар экан” дейди асар ҳикоячиси.
Бизнинг “ақлли ва пухта немис” тушунчамиз бироз ўзгариши мумкин. Бироқ, Ганс Хуберман, Ильза Германн, Алекс Штайнер каби самимий қалбли немислар туфайли немис ҳарактерини ёқтириб қоламиз.
Шу ўринда савол пайдо бўлади. Яҳудийларнинг энг катта гуноҳи ёки айби нимада эди? Гитлер уларни нега аёвсиз концлагерларга жўнаттирди? Нима учун уларнинг устидан очлик, калтак ва қатл синовларини ўтказдирди? Нима учун?
Буни болакай Адольфнинг хотирасида ўрнашиб қолган яҳудийларга бўлган қўрқуви ва нафратининг ҳосиласи деб айтишади кўпинча.
Яҳудий миллатининг пулдор ва қудратли вакиллари бугун дунёнинг йирик компанияларида аҳил-иноқлик билан ишламоқдалар, дунё пулларига эгалик қилмоқдалар. Бу миллатнинг ўрнак олишга арзийдиган энг катта ҳислати – аҳиллиги ва бир-бирини суяши, қўллаб-қувватлашидир. Яҳудийлар яна бир нарса билан ғурурланишадики, шу пайтгача Ер юзига тушган пайғамбарларнинг ҳаммаси яхудийларга мансуб эдилар. Фақатгина сўнгги пайғамбар – ҳазрат Муҳаммад (с.а.в)дан бошқа. Дунё иқтисодини қўлга олиб бораётган бу миллатни эса Учинчи рейх фюрери ёқтирмаслиги очиқ-ошкор эди. 6 йил ичида у шундай жазо турларини ва қатлиомларни кашф этдики, яҳудий халқининг 6 миллионга яқин чолу кампирини, эр хотинларини, каттаю кичик болаларини ўлдириб юборди. 1939-1945 йилларда улар учун қиёмат қойим бўлди!
Яҳудий халқи шунчалик обрўли эканки, уруш тугаши билан бутун Европа уларга кўмакка келди. Бугун ҳам Освенцим учун кўплаб мамлакатлар ва кекса собиқ нацистлар улардан кечирим сўраб келмоқдалар...
"Китоб ўғриси" - ранглар ва сўзлар қоришмасидан тайёрланган санъат асари – китобфильмдир. Унинг мусиқасини хаёлда ўзингиз яратасиз. Адиб сизга мусиқа учун шароит яратади. Гоҳ аккордеончи ота ёрдамида, гоҳида эса сокинлик қўйнида, гоҳида ёмғир ва қорлар уйғунлигида, баъзида эса даҳшатли сирена товушлари остида сиз бу мудҳиш мусиқаларни тинглаб, титраб ўтирасиз. Уруш замонида фақатгина ғам-қайғу, азоб-уқубат, қамоқ ва ўлим бўлган деб янглиш ўйламанг. Бутун дунё бомбалар ва ўқлар зарбидан тутаб ёнаётган бўлса ҳам, мана шу кичкинагина “Ҳиммел” (Жаннат) кўчасида ҳам одамларнинг ўз бахтиёрлиги, шоду хуррамлиги туганмас эди. Бу ерда мева ўғирловчи, футбол ўйновчи, югуришиб, китоб ўғирловчи болалик бор эди. Бу ерда ҳам Рождество байрамининг оппоқ қорлари, қувноқ кайфияти мавжуд эди. Ва бу ерда ҳам КИТОБ деган мўъжизанинг сон-саноқсиз макони бор эди. Лизель ташриф буюрадиган Бургомистрнинг кутубхонасида у ҳақиқий бахт нималигини англаб етган эди. Лизель ўз лақабини шу макондан китоб ўғирлаб орттириб олди.
“Китоб саҳифаларининг ёқимли ҳиди димоғига урилди, атрофида тўпланган сўзлар мазасини деярли татиб ҳам кўрди”
Зусакнинг катта ғалабаси ана шулардир! У Фашистлар Германиясида яшаётган ҳаммаям фашист ва ирқчи эмаслигини кўрсатиб берди. Асар қаҳрамонлари кенг қалбли инсонлардир. Улар немис бўла туриб қочқин яҳудийга ертўладан жой, иссиқ овқат ва оила қувончини тақдим этадилар. Олий ирқнинг ёшгина боласи (Руди) эса қоратанли енгил атлетика чемпионига ўхшамоқни орзу қилади... М.Ганди айтганидек: “Айб бутун бошли бир тузумда бўлиши мумкин, аммо ундаги одамлар айбдор эмас”!
Адибнинг Ўлим фариштаси ҳақида ҳам икки оғиз! У ҳаммамиз билган Азроилга унчалик ўхшамайди. Унинг кундалиги, таҳлил қилиш қобилияти, ҳис-туйғулари ва энг муҳими ачинишга тўла ҚАЛБи бор экан. Диний таълимотга кўра, Инсоннинг дунё ҳаётидаги насибаси тугаганида Азроил фаришта унинг қаршисига чиқиб, кўриниш берар ва омонатини албатта олиб кетар экан. Ўлимдан ҳеч бир тирик жон: юз-икки юз йил яшайдиган одамлар ҳам, минг йиллик азим чинорлар ҳам, бир кунгина яшайдиган капалаклар ҳам қочиб қутула олмас экан. Маркус Зусакнинг Ўлим фариштаси ҳам шундай фикрда:
“Мана, кичик бир ҳақиқат! Бир кун келиб сиз ҳам ўласиз. Бу сизни ташвишга соляптими? Сизни қўрқмасликка чақираман. Мен шунчаки ҳақиқатни айтдим” дейди асар бошида.
У рангларни яхши кўради.
“Аввал ранглар. Кейин эса одамлар. Мен дунёни шундай кўраман” деб ўзини таништиради.
“Уруш ўлим билан ажралмас дўст дейишади”
“Одамларнинг қандай ўлишини кўрганимда ўзим минг марта ўлиб тириламан”
“Инсоннинг юраги чизиқ бўлса, менинг юрагим айлана шаклида..”
Азроил ҳақида шундай ривоят бор. Яратган Эгам Азроилга одамларнинг жонини олишни буюрганида, у хафа бўлиб, ҳеч қандай сабабсиз уларнинг жонини қандай оламан деганида, Оллоҳ унга: “Сен боравер, ўзим сенга сабаб топиб бераман” деган экан. Ҳа, ўлим ҳақ ва Яратганнинг ҳукми аниқ. 1941-1945 йиллар ичида Азроил фаришта 50 миллионга яқин тирик инсоннинг жонини олган!
Бунга ким айбдор? Шак-шубҳасиз Гитлер айбдор эди.
Афсуски, Гитлердан қасос олиш ҳеч кимга насиб этмади. У 1945 йилнинг баҳорида мағлубияти аниқлигини билгач, махфий бункерида аёли билан заҳар ичиб ўлади. Шу тариқа Минг йиллик рейхнинг 6 йилгина давом этган умри поёнига етади.
Асардаги: “Туғилган кунингиз билан Ҳерр Гитлер! Дунё тургунча туринг!” деган иборани ўқиб ҳамманинг юзига табассум югурганига ишонаман.
Гитлердан қасос олиш ишларини адабиёт ва кино олами давом эттирди. Суратга олинган филмлар ва яратилган бадиий асарларда Фюрерни истаганча калака қилиш, сўкиш, “Китоб ўғриси”даги сингари рингда нокдаунга учратиш, қайсидир Голливуд киносидагидек отиб ташлаш фантазиялари учраб туради.
Гитлер ҳақида юзлаб, ҳатто минглаб китоб ёзиш мумкин, лекин хулоса фақат – нафрат бўлади! Ҳозирги Германия учун Адольф Гитлер уят, шармандалик ҳисоблангани учун ҳам уни сираям эслашмайди.
Асар охирида шундай гап бор: “Сўзлар нима учун яралган? Уларсиз кулфатнинг ҳеч бири содир бўлмасди. Сўзларсиз фюрер ҳеч ким бўла олмасди”.
Йўқ, яхшиямки дунёда сўз бор, китоб бор. Сўзлар ва китоблар бўлмаганида бундай ажойиб асарларни ўқиш бахтидан маҳрум бўлармидик.
Тақризим якунида, шу асарни менга тавсия қилган дўстимга раҳмат айтаман. Унинг таржимонига ҳам, ноширига ҳам, китобни ҳарид қилган дўконимга ҳам. Энг асосийси, асар муаллифига раҳмат! Шундай чиройли романни ёзгани учун... Адиб энди китоб ёзмаса ҳам, абадий машҳурликка эришиб бўлди. Бу китоб бир умрга етади.


Xolida Raxmatullayevna
#Kitob yarmarkalari davom etmoqda

  Qumqo'rg'on tumanidagi
33- umumiy òrta taʼlim maktabida ʼʼFarzandimga kitob sovgʻa qilaman ʼʼ kitob yarmarkasi boʻlib oʻtdi.

#Surxondaryo viloyat  bolalar kutubxonasi Axborot xizmati


| Telegram | Instagram | Facebook |