Politeconom_uz
222 subscribers
62 photos
6 videos
166 links
Download Telegram
​Мана бу иккита хабарга қараб, уларни боғлаб турувчи мантиқни топишга харакат қилиб кўринг.

Биринчи хабарда, аввал давлат бўйнида бўлиб, кейин хусусийлаштирилган соха (ЖКХ)нинг буткул коррупция ва носамарадорлик ботқоғига ботиб, ахолининг оммавий норозилик билдириши оқибатида соханинг қайта ДАВЛАТ НАЗОРАТИ остига олиниши хақида бўлса, иккинчи хабарда Газ сохасидаги самарадорсизликка ХУСУСИЙЛАШТИРИШ (яъни ХАЛҚ мулкини алохида буржуйларга топшириб қўйиш) орқали бархам бериш режалаштирилябди.

Мантиқни кўрябсизми бу ерда? Бир қарашда у йўқдек туюлиши мумкин. Лекин марксистик нуқтаи назардан қарасак (давлат — мамлакатдаги хукмдор синф қуроли эканини эсласак), уни аниқ кўра бошлаймиз. Хамма гап шундаки, хусусийлаштириш — бирон сохадаги самарадорсизликни бартараф этиш учун АМАЛГА ОШИРИЛМАЙДИ, балки:

а) Давлат бюрократларининг халқ олдидаги мажбурият ва масъулиятларининг бир қисмидан "озод бўлиши" (бирон муаммо чиқса, "ана, сизга хизмат кўрсатувчи фирмангизга боринг" деб футбол қила олиш учун)

б) Конкрет пулдор капиталистлар ва амалдорлар (кўпинча бу иккиси бир амалдорнинг ўзида акс этади) келишуви орқали иккови шахсий даромадга эришиши учун амалга оширилади. Давлат корхонасига келиб тушувчи пуллар бюджетга кетади, уларни туғридан-тўғри ўзлаштириш қийин ва ноқонуний. Нархлар оширилиши хам хукуматга нисбатан одамлар норозилигини кучайтиради. Соха хусусийлаштирилса эса, бюджетга кетувчи пуллар энди буткул қонуний равишда кимнингдир хусусий даромадига айланади, унинг бир қисмигина энди солиқ сифатида бюджетга келиб тушади. Нархларни 400% оширилиши хам одамлар норозилигининг бир қисмини хукуматдан хусусий корхоналарга кўчиради.

Одамларимиз "Хусусийлаштириш = қимматлашиш" қонуниятини миясига қўрғошиндек қуйиб олиб, бу жараёнга қарши кураша бошламас экан, бу ёғига хам сает/газ/сув/ер/тиббиёт/дори-дармон/таълим нархлари жадал ривишда ошиб бораверишига (сифат ошишисиз) тайёр бўлаверишсин.
🔥5👍3❤1
15 миллиондан зиёд ўзбекистонликларнинг маълумотлари утечкаси рўй берибди, давлат базаларидан.

Мен ўзи бошиданоқ бизнинг бугунги хукумат одатий ховлиқмалик ва "саллани олиб кел деса, каллани олиб келиш" йўсинида бошлаган "оммавий цифровизация"га қарши бўлиб келганман. Бундай цифровизация аксарият ахоли манфаатига фақатгина социалистик жамиятда хизмат қилиши мумкин, капиталистик жамиятда (айниқса қолоқ капиталистик жамиятларда) бу шунчаки хар бир хатти-харакат назорат қилинувчи, хар қандай сиёсий оппозиция овози осон ўчирилувчи, одамлар манфаатига хизмат қилмайдиган солиқлар/божлар осонроқ ундирилувчи, турли реклама спами ва фирибгарлар ишини осонлаштирувчи "цифровой концлагерь"га айлантиради, холос.
👍8🤬2
Сўнгги бир-икки йилда иқтисодий сиёсатимиз нотўғри йўналишда кетаётганини айтсанг, жавобан "Одамлар шунчалик қийналаётган бўлса, унда хар бир уй олдида қаторлаб турган машиналарни ким олиб ётибди?" аргументини кўп эшитадиган бўлиб қолдиқ.

Вахоланки, бу саволнинг жавоби оддий (ва у айнан иқтисодий сиёсатимиз нотўғри йўналишда кетаётганини кўрсатиб туради):

– 2016 йилда бўйнида қарзи (кредити) бор иқтисодий фаол ахоли улуши 5% дан кам бўлган булса, 2026 йилга келиб, бу улуш 33% (!) дан ошган (ва ошишда давом этмоқда). Бу хар 3 кишидан бири бўйнида қарзи бор, дегани;

– Бунда ушбу қарздорларнинг 40% и (салкам ярими) ўз маошининг 50% (ярими)дан кўпини кредит бўйича тўловларга сарфлайди (яъни келажакдаги харидларидан воз кечяпти, бугунги истеъмол учун);

– Автомобиллар борасида, мисол учун, 2023 йилда банклар умумий хисобда 38.4 ТРИЛЛИОН сўм кредит ажратган бўлса, бундан 90.2% (34.6 трлн) — АВТОКРЕДИТЛАР бўлган. Бунда автокредитчилар ўз маошларининг салкам 70%ини кредит тўловларига сарфлаб келишган (2025 йилда МБ чекловлари сабабли ушбу кўрсаткич 61% гача тушган);

– 2024 йилда кредит олган жисмоний шахсларнинг аксарияти (68%) бўйнида биттадан кўп кредит бўлган.

Хўш, уйлар олдида қаторлаб турган, йўлларни босиб кетган (айниқса ички эммиграцияга очиб қўйилган Тошкентда) автомобиллар аксарият ахолининг хаёт даражаси бирдан ошиб кетганидан дарак берадими, демак?

Маълумот учун, 2025 йилда Ўзбекистон бўйлаб ўртача (хақиқий ўртача, яъни медиана) маошлар 20% га, Тошкентда ўртача маошлар 40% га (!) ПАСАЙГАНИНИ эслатаман.
👍3❤2
Сўнгги кунларда дунёга овоза бўлган "Эпштейни иши" бизга нимани кўрсатиб берди? Бошқаларга нисбатан хаддан зиёд кўп бойлик ва у берувчи сиёсий кучнинг озчилик ўта БОЙ инсонлар гурухи тасарруфида тўпланиши — бу инсонларнинг "хайвонлашишига" (инсон тусини йўқотишига), бошқа одамларни шунчаки "товар", "ресурс" сифатида кўра бошлашига, хаётдан "қониқиш" хиссиётини энди яна бир янги яхта/сарой/суперкар бера олмай, балки энди ёш қизларни зўрлаш/қийнаш/ўлдириш орқали олинишига, ва бундай ғайри-инсоний жиноятлари учун ўз бойлиги орқали хар қандай жавобгарликдан озод бўла олишига олиб келишини кўрсатди.

Бу (яъни борган сари кўпроқ бойликнинг борган сари камроқ одамлар қўлида тўпланиши) — капиталистик иқтисод ва жамиятнинг ТАБИИЙ ЙЎНАЛИШИ эканини эсга олсак, ва мана шундай Трамп/Эпштейнлар синфи қолган ер ахлини (ишчи/камбағаллар синфини) "зўрлаб келишининг" тўхташини истасак, ушбу холатни муқаррар келтириб чиқарувчи БОЗОР ИҚТИСОДИнинг ўзи йўқ қилинишидан бошқа вариант йўқлигини тушунамиз. Бозор иқтисоди ХАР ДОИМ янги Трамп ва Эпштейнларни келтириб чиқараверади. Жамият бой/камбағалларга бўлинган экан, камбағаллар "товар" бўлиб қолаверади, бойлар учун.
👍13🔥2👎1😢1
Гурухга адашиб келиб қолган либертарианчи:

"Бугунги капитализм келтириб чиқарувчи зиддиятлар ечими — либертарианизм!"

Шу вақтнинг ўзида Аргентинада, ашаддий либертариан президент Хавьер Милейнинг иш кунини 8 соатдан 12 соатгача (!) ўша-ўша маошлар билан узайтириш, ишчилар забастовкаларини таъқиқлаш, отпускаларни бекор қилиш қарорига жавобан:

https://youtu.be/oetr--jFcas?si=oZpYRxfiKrWseIqr
👍4🔥1
​Қуйидаги графикка бир эътибор беринг. Унда Эроннинг бойитилган уран захираларининг йилма-йил хажми келтирилган.

Кўриб турганингиздек, бу захиралар 2016 йилдан бошлаб кескин камайиб, деярли 0 га тушиб қолган, 2015 йил Обама президент АҚШ, яна Россия, Хитой, Британия, Франция, Германия ва Эрон ўртасида тузилган сулхга кўра.

Аммо 2018 йилда хокимият тепасига келган тентак (аслида мараз) Трамп ушбу сулхдан бир томонлама чиқиб кетган. Эрон, табиий равишда, бунга жавобан ўз уран бойитиш дастурини давом эттирганини графикдан кўришингиз мумкин. Бунда алохида урғу бериб ўтиш керакки, бу — "ХАРБИЙ" уран эмас, балки атом энергетикасида ишлатувчи "ТИНЧ" уран бўлган. Графикдан кўриниб турганидек, Эрон уранининг асосий қисми 20% гача, кичик қисми 40% гача бойитилган, ядровий қурол учун уранни камида 80% гача бойитиш керак, бунда эса умуман бошқа технологиялар керак бўлади (40%лик бойитиш технологияларидан).

Кўриб турибмизки, Эроннинг бир томондан, ядровий қурол яратиш нияти бўлмаган (ва бу уларнинг хатоси бўлди, КХДР хозир хаммага ибрат), иккинчи томондан, у халқаро келишувларига тўлиқ амал қилиб келувчи мамлакат.

Мана энди Эроннинг уран дастури қайта тикланишига ягона сабабчи бўлган иккиюзламачи Трампнинг ўзи, Эронга хужумини "АҚШга Эрон томонидан бевосита ядровий хавф" билан оқлаябди.

Вахоланки, Эрон АҚШга хеч қачон хавф солмаган ва бундай мақсад изхор этмаган. Бунинг устига, Трамп билан музокараларда хатто Обама келишувидан кучлироқ вариантга рози бўлган (уран захираларини буткул йўқ қилишга), лекин шунга қарамай, Трамп барибир Эронни бомбардимон қилишга тушди.

Чунки бир томондан, Трампнинг "бир жойидан" Исроил ушлаб турибди, Эпштейн файлларининг энг "қизиқарли" файллари билан, иккинчи томондан шу йилнинг Ноябрида АҚШ бўлиб ўтиши керак бўлган "Оралиқ сайловларда" Трамп партияси буткул инқирозга учрайдиган ахволда, шунга унга "кичик ғалабали уруш" сув ва хаводай зарур.

Исроил эса шунчаки ўзининг нацистик "Улуғ Исроил" (унинг харитаси хам қуйида келтирилган) дастурини қадамма-қадам амалга оширишда давом этябди, бу йўлда региондаги асосий рақибларини йўқотиб ё сусайтириб.
👍9❤2
Кўпчилик бугунги Эрон уруши ортида стандарт "АҚШ яна бир нефтга бой давлатни ресурслари учун бомбардимон қиляпти" сценарийси ётибди, деб ўйлаётган бўлиши табиий.

Аммо бу урушда айнан АҚШ — иккинчи, бошқарилувчи ролни бажараётган субъект. Биринчи ролда эса — Исроил. Унинг анча вақт аввал бошлаган жуда самарали "инвестицияси", яъни АҚШ хукуматидаги амалдорларни қатор уюшмалар (энг машхури — AIPAC) орқали тўғридан-тўғри "сотиб олиши" (сайлов кампанияси жараёнида ва сайловдан кейин молиялаштириб) айни дамда ўз "дивидендларини" беряпти.

Трамп — АҚШ тарихида энг осон "сотилувчи" президент бўлиб келябди хозирча. Унинг кампаниясига биттагина ашаддий зионист Адельсонлар оиласи (қуйидаги расмда Мириам Адельсонни кўришингиз мумкин) томонидан Трампнинг фақат иккинчи президентлик сайлов кампаниясига $250 МИЛЛИОН "эхсон" қилинганини эслатаман.

Бунинг устига, Исроил агенти Эпштейн орқали Трамп ва қатор бошқа йирик амалдорлар уларнинг педофиллик ва бошқа амалиётлари акс эттирилган бир дунё компромат материалларга эга.

Исроилга ўзининг "Катта Исроил" дастурини амалга ошириш учун Яқин Шарқда унга қаршилик кўрсата оладиган кучлар йўқ қилиниши — бирламчи вазифалардан бири. Куни кеча Эронга хужум — унинг "40 йиллик орзуси" эканлигини Нетаньяху айтиб чиқди (бу борада аввалроқ Ироқ хам алохида мустақил куч сифатида йўқ қилинишида Исроилнинг роли катта бўлгани эхтимоли баланд).

АҚШнинг ташқи ишлар вазири хам куни кеча билмай оғзидан "гуллаб қўйди", ушбу уруш Исроил томонидан режалаштирилиб, АҚШ унга мажбуран қўшилганини (бу гапига кейин бошида таёқ синди).

Бу урушда ким "биринчи скрипкани" ўйнаётганини ва урушдан мақсад (Исроилнинг мақсади) — шунчаки Эронда сиёсий режимни ўзгартириш/ядровий дастурини йўқ қилиш ва х.к. эмас, балки Эронни "Failed state", яъни ДАВЛАТЧИЛИГИ БУТКУЛ ЙЎҚОТИЛГАН территорияга айлантириш (собиқ Ироқ, Ливия, Сириялар сингари) эканлиги, хусусан, Трампнинг АҚШ томонидан Эроннинг янги лидерлари сифатида кўзлаган одамлари хам ўлдириб юборилганини айтиб чиққани ва урушнинг ўзи АҚШ-Эрон ўртасида кетаётган музокаралар ўртасида бошлаб юборилгани кўрсатиб турибди. Маълумот учун, Эрон билан Обама пайтида тузилган Эрон ядровий дастури бўйича келишувни 2018 йилда Трамп томонидан бекор қилинишига юқорида эсга олинган Мириям Адельсон катта хисса қўшган (у Трампнинг биринчи президентлигини хам молиялаштирган).
👍7👏4
1 апрелдан бошлаб хукуматимиз томонидан нақд пулга қарши бошланаётган "кураши" ва умуман "иқтисодни оқартириш" бўйича харакати шахсан СИЗГА қандай таъсир қилишини эслатиб қўяй (айниқса маошга ишловчи оддий ишчи синф вакили бўлсангиз):

Бир сўз билан айтганда — СОТИБ ОЛИШ КУЧИНГИЗ ЯНАДА КАМАЯДИ, қўшимча солиқ ва комиссиялар сабабли инфляциянинг янада тезлашиши хисобига. Устига хар-хил ортиқча қоғозвозчилик ва югур-югурлар қўшилади.

Хуллас, ишчилар ва кичик/ўрта бизнес учун бундай "иқтисодни оқартиришдан" умуман фойда йўқ, фақат зарар бор. Қандайдир фойдаси бўларди, агар давлатимиз — ИЖТИМОИЙ давлат бўлганида, яъни солиқларни бевосита ахолининг ўзига сарфлаганида. Лекин бизда солиқлар асосан бюджетни "туя қилувчи" йирик бизнесга госзаказлар орқали оқиб кетаверади. Бинобарин, ушбу ташаббуслардан фақат ЭНГ БОЙЛАРгина қандайдир манфаат кўради.
❤7👍4🔥2😢2
Трампнинг Эрон билан СОХТА (яъни шунчаки бўлмаган) "самарали музокаралари" хақида пост қилишидан 15 минут аввал биржаларда фақатгина нефть билан боғлиқ салкам 600 миллион долларлик олди-сотди ставкалар қилинган. Трамп пости чиқиши биланоқ нефть нархи кескин пасайиб (биржаларни умумий хисобда нақ 2 ТРИЛЛИОНЛИК суммага ошириб), Эрон АҚШ билан хеч қанақа музокаралар бўлмаганини айтгач, яна кўтарилган (умумий хисобда биржалардан 1 триллион йўқолган), орада ўша ставкаларни қилганлар жуда катта даромад қилиб олишган. Ва фақатгина нефтдан эмас, яна криптовалюта ва бошқа нарсалардан.

Буни — ИНСАЙДЕР САВДОСИ дейилади, АҚШнинг ўзида бу учун 20 йилгача қамоқ жазоси берилади.

Трамп кабилар учун миллионлаб инсонлар хаётининг барбод бўлишига, бутун дунё иқтисодининг чуқур инқирозга олиб келувчи бу урушлар — шунчаки кўпроқ шахсий бойлик орттириб олиш учун восита, холос.

Шунинг учун хам сиёсатга ТАДБИРКОРЛАР (яъни капиталистлар) УМУМАН ЯҚИНЛАШТИРИЛМАСЛИГИ ШАРТ. Чунки хар қандай тадбиркорнинг ягона ва ажралмас дунёқараши охир-оқибат «Любая бизнес хараша»га бориб тақалади.

Бундай дунёқараш эса охир-оқибат бутун инсоният ЗАРАРИ хисобига шу тадбиркорларнинггина бойишига олиб келмай иложи йўқ.

Бинобарин, бизда кенг тарқалган «Катта лавозимларга "ўзига тўқ, ишни кўзини биладиган" тадбиркорларни тайинлаш керак» дунёқараши — ўта ахмоқона ва халқимиз учун ғирт зарар дунёқарашдир.
👍11
Ўзбекистонда 362 та "ноэффектив" давлат муассасалари қарзлари 4 триллион сўмга етибди.

Мана шундай стандарт бахона орқали янги ХУСУСИЙЛАШТИРИШ (яъни мавжуд давлат мулки, ери, объектларини хусусий капиталистларга топшириш) тўлқинини оқлашга харакат қилябди хукумат.

Бу борада бир қатор саволлар ва изохлар туғилади:

📌 Агар "ноэффектив" муассаса ишини шунчаки "эгасини алмаштириш" орқали "эффектив"га айлантириш мумкин бўлса, нимага унда шунчаки ушбу муассасаларни бошқарувчи мансабдор амалдорлар жавобгарликка тортилиб, алмаштирилмайди, бошқа, эффективроқ амалдорларга?

📌 Агар давлат муассасаларини эффектив бошқара оладиган одамларнинг ўзи бўлмаса, бу хукуматимизнинг буткул бефойда паразитар жамоа эканини ўзи тан олиши бўладими? Унда бундай хукуматнинг ёппасига истеъфога чиқиши ва бошқа, халқнинг ўзи тайинлаган хукумат билан алмаштирилиши мантиқийроқ бўлмайдими?

📌 "Шунча давлат мулкини сотилиб, мана бунча триллион СЎМ бюджетга келиб тушди, ура!" реляциялари иқтисодий жихатдан буткул оми, иқтисоддаги давлат ролини умуман тушунмайдиган, "давлат = хусусий корхона" парадигмасида фикрлайдиган омма учун мўлжалланган (аслида, амалдорларнинг аксарияти хам худди шундай хато, нео-либерал парадигмада фикрлашга ўргатилган, институт парталаридан). Вахоланки, ўз валютасини ўзи ЯРАТАДИГАН давлат учун шу миллий валютага реал капитални (бинолар, завод-фабрикалар, инфраструктура, ерлар ва х.к.) хусусий секторга "пуллаши" — олтин тухум қўювчи товуқни ўша тухумларидан бирига алмаштиришдан бошқа нарса эмас, яъни иқтисодий ва жамият манфаати жихатидан ғирт ахмоқликдир. Лекин бу жараёнга хукмдор синф — капиталистлар (ва улар билан қоришиб кетган йирик амалдорлар) манфаатидан келиб чиқиб қаралса, бу буткул рационал иш, чунки бу шу капиталистлар даромадларини осон ошириш имкониятини беради. Шунчаки халққа зарар хисобига.

📌 Ва охирги изох — давлатнинг ЎЗ ВАЛЮТАСИДАГИ ички "зарари" (яъни қарзлари), бундай номлангани билан аслида хеч қанақа "зарар" эмас (чунки давлатда миллий валюта миқдори чекланмаган), балки хусусий сектор (яъни корхоналар ва жисмоний шахслар) ФОЙДАСИдир. Оддий бир иқтисод қонуни, "давлат бюджети дефицити = хусусий сектор профицити" эканлигини эслатаман.
👍7❤1🔥1
"Артистлар солиқ тўлаши керакми-керакмасми" саволининг ўзи нотўғри қўйилган.

Солиқларни ким тўлаши ва ҚАНЧА тўлаши — касб ё фаолият турига қараб эмас, ДАРОМАД ва БОЙЛИК ХАЖМИГА қараб хал қилиниши керак. Бунда ўта бойлар катта солиқ (фоиз жихатидан), ўртахоллар кичик солиқ тўлаб, камбағаллар умуман солиқ тўламаслиги керак.

Буни "Прогрессив солиқ тизими" дейилади. Жамият қанчалик ривожланган ва адолатли бўлса, ушбу прогрессив солиқлар шкаласи шунча баланд бўлади, энг бой қатламлар учун (мисол учун, 1950-йилларда АҚШда йиллик оилавий даромаднинг бугунги пулларда 4-5 миллиондан ошган қисми 91% лик солиққа тортилган).

Ижтимоий жихатдан қолоқ, нотенглик ва адолатсизлик юқори жамиятларда эса "Регрессив солиқ тизими" қўлланилади. Бунда бойлар тўловчи солиқ, камбағаллар тўловчи солиқлардан камроқ бўлади. Масалан, бизда шунақа тизим. Сиз учун бир қарашда бу тушунарсиз туюлиши мумкин, лекин ойига 1 миллиард сўм топадиган одамнинг 12% солиғи 4-5 миллион сўм топадиган одамнинг 12%идан АНЧА КАМРОҚ қисмни ташкил қилади (чунки 5 миллион топувчи одам учун 600 минг сўм пул — ЖУДА СЕЗИЛАРЛИ, кундалик хаёт даражасига бевосита таъсир кўрсатувчи сумма, миллиардер учун эса 120 миллион сўм умуман сезилмайди, кундалик хаётида, истеъмолига умуман таъсир қилмайди).

Бинобарин, адолатли жамиятда БОЙ санъаткорлар КЎП солиқ тўлаши, камбағал, "қарзга яшаб юрган" (c) санъаткорлар ўзлари сингари камбағаллар қатори ё жуда кам, ё умуман солиқдан озод қилиниши керак. Ва бу қоида ХАММА ФУҚАРОЛАРга нисбатан ишлаши керак, алохида касблар доирасида эмас.
👍10🔥2
Куни кеча янги хабар келди — Ротшильдлар (ха, ўша дунёга машхур капитал акулалари) Ўзбекистон халқи мулкларининг навбатдаги талон-тарожи хусусийлаштирилиши жараёнида "ёрдамлашишар" экан. Бу дегани, Ўзбекистон капитали бўлак-бўлаклаб бошқа давлатлар тасарруфига ўтиш жараёни янада кучаяди.

Бу борада хозир хамманинг оғзида бўлган Эрон тарихи ўта ибратли мисол.

Эслатаман, 1900-йилларнинг бошида Эрон шохлари Буюк Британия компанияларга ўзининг бўлажак ва мавжуд нефть конларини арзимаган пулга тақдим қилган. 1950-йилларга келиб, қашшоқликка ботган Эрон халқини "тепиб қолган", унинг нефтидан келаётган даромадларнинг деярли хаммаси тўғри Британияга оқиб кетаётгани. Ушбу норозилик фонида демократик равишда 1951 йилда сайланган Эрон премьер-министри Мухаммад Мусаддиқ ушбу сохани националлаштириш, яъни Эрон халқи тасарруфига қайтариш харакатини бошлаган. 

Бунга жавобан, Британия ва унга ёрдамга келган АҚШ (ЦРУ ва Ми-6 тандемида) Мусаддиқ ва унинг хукуматига қарши тўнтариш уюштириб, Мусаддиқнинг ўзини қамаб, ўрнига ўзларининг буткул қўғирчоғи бўлган харбий диктаторни "шох" эълон қилиб, Эрон тахтига ўтказишган. Табиийки, Эрон нефти энди нафақат Британияни, балки яна АҚШ, Франция ва Голландия нефть корхоналарини бойитишда давом этган.

Эрон халқи 1979 йилда яна бир бор бош кўтариб, қўғирчоқ шох хокимиятини ағдариб, диний каста — аятоллалар хокимияти ўрнатилган. Ушбу тизим Ғарб корхоналарини хайдаб чиқариб, Эрон нефтини национализация қилган. Ана шундан кейин Эрон АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан "террорчи давлат" деб эълон қилиниб, 57 йилдан бери санкциялар орқали бўғиб келинмоқда, хар қандай ривожланиш ва ўсишнинг олдини олиб. Хозир эса ракеталар билан бомбардимон қилиняпти.

Қиссадан хисса — йирик халқаро капиталистик корпорацияларни мамлакатингизга бир марта киритиб, махаллий бойликлардан бир шингил тотишга бердингизми, тамом — қандайдир "мустақиллик", мустақил (халқ фойдасига қаратилган) сиёсат деган нарсаларни унутаверишингиз мумкин. Ўз қўлингиз билан мамлакатингизни колонияга айлантираётган бўласиз. Айни дамда ички сиёсатимиз уже Халқаро Валюта Фонди "маслахатлари" билан шакллантириляпти. Шу нарсага ИАКнинг ақли етган (мен унинг хаёти давомида хеч қачон мухлиси бўлмаган бўлсамам, буни тан олиш керак), бугунгилар эса биринчи ўринда "Любая бизнес хараша" мантиғида харакат қилишяпти.
👍8❤3
Аввалги постимга жавобан "Хўш, унда нимага АҚШ билан "хамкорликда" Араб яримороли давлатлари гуллаб-яшнаб кетди?" саволи келиб тушди. Бу савол остида "Ўзбекистон хам араблар йўлини қайтара олади" фикри ётади.

Ва бу аргументга 100% ишонч билан қисқа жавоб — йўқ, Ўзбекистон араб давлатлари йўлини қайтара олмайди, хатто қисман. 

Бунга қатор сабаблар мавжуд:

1) Кўпчилик билмайдики, араб давлатлари ахолисининг  80-90%и — фуқаролардан эмас, балки хуқуқсиз, қашшоқ, салкам қул даражадаги мигрантлардан ташкил топган (улар шахарлар ичида хам яшашмайди, махсус автобуслар уларни шахар четларидан опкелиб-опкетади хар куни). БАА ахолиси ичида фуқаролари сони, масалан, атиги 1.1 миллион кишини ташкил этади, колган 10 миллиони — но-фуқаро хуқуқсиз гастербайтерлар.

2) Араб яриморолида қазиб олинувчи, арабларнинг бирламчи бойлик манбаи бўлмиш нефт — бутун дунё добичасидан салкам 4 дан бирини ташкил этади, тағин казиб олиниши энг арзон нефть.

Табиийки, бу нефтдан тушувчи маблағларнинг кичик бир қисмини оз сонли ФУҚАРОЛАРГА сарфланса, хар бирига нисбатан катта сумма тўғри келади (яъни шу орқалигина араб фуқароларининг нисбатан баланд хаёт даражаси таъминланади).

Бунинг устига, араб нефти дунёда энг мухим сув йулларидан бири (Ормуз буғози) орқали сотилади, араблар логистика учун жуда қулай жойда жойлашишган.

Узбекистонда бундай шарт-шароитларнинг БИРОНТАСИ борми, араб давлатлари кетидан қайтариш учун?

Яъни араблар ситуацияси — қоида эмас, уникал параметрларга эга ИСТИСНО. Нимагадир Эрон ахолиси бойиб кетмаган, Британия билан "хамкорлик" давомида, Венесуэла хам, бошка Жанубий Америка, Африка, Осиё давлатлари хам.

Ва АҚШ билан "хамкорлик" охир-оқибат арабларни нимага олиб келганини бугунги Эрон бомба-ракеталари бомбардимони остида АҚШ ЎРНИГА араблар ўтиришидан, АҚШ президенти минбардан туриб, Саудия Арабистони шахзодаси хақида "Бир йил аввал у мени кўтимни ўпмайди, деб ўйлаб юрганди" деётганини кўриб турибмиз. Қанақа "мустақиллик" хақида гап кетиши мумкин бу вазиятда?
👍11❤1
Бугун инсоният тарихида энг катта из қолдирган (тарихда биринчи бор бойлар эмас, мехнаткашлар хокимиятига, яъни асл демократияга асосланган державага асос солиб), аммо ўша бойлар пропагандаси орқали хусусан бизнинг ахоли онгидан ушбу изи ўчирилган инсон — ВЛАДИМИР ИЛЬИЧ ЛЕНИННИНГ туғилган куни.

«...Биз утопист эмасмиз. Биз биламизки, ҳар қандай қора ишчи ёки ҳар қандай ошпаз ҳозироқ давлат бошқарувига киришишга қодир эмас. Бу масалада биз кадетлар билан ҳам, Брешковская билан ҳам, Церетели билан ҳам фикрдошмиз. Аммо бизнинг бу фуқаролардан фарқимиз шундаки, биз давлатни бошқариш, бошқарувнинг кундалик, одатий ишларини юритиш фақат бойлар ёки бой оилалардан чиққан амалдорларнинггина қўлидан келади, деган янглиш фикрдан зудлик билан воз кечишни талаб қиламиз. Биз давлат бошқаруви ишини ўргатишни онгли ишчилар ва аскарлар олиб боришини ҳамда бу ўқитиш ишлари зудлик билан бошланишини, яъни бундай ўқишга барча меҳнаткашларни, бутун камбағал қатламни ҳозироқ жалб қилишни талаб қиламиз...»
🔥12👍4❤2🤬2
"Мейдзи революцияси" доирасида (инсоният тарихида "пастдан" эмас, "тепадан" амалга оширилган оз сонли революцияларга мисол) Япония хукумати ўша пайтдаги дунёнинг энг ривожланган давлатларига минглаб студентлар, инженерлар, харбий ва фуқаровий амалдорларини, уларнинг ИШЛАБ ЧИҚАРИШ, ТАЪЛИМ, инфраструктура сохаларидаги тажрибасини ўрганиб қайтиши учун юборган. Натижада Япония нисбатан қисқа вақт ичида ривожланган саноатини йўлга қўя олган (бунга яна АҚШнинг СССРга қарши Совуқ уруши доирасида Японияга ўз ички бозорини очиб бергани хам катта роль ўйнаган, лекин хозир гап бу хақида эмас).

Ўз индустриал саноатини қуриш тезлиги темплари бўйича хатто Японияни хам ортда қолдирган СССР хам шундай йўл тутган (ривожланган Европа давлатлари, АҚШдан янги технологияларни ўрганиб, улар базасида ўз технологияларини яратиб, кўп жихатдан олдинга ўтиб кетган).

***

Лекин нимагадир "Мустақил" Ўзбекистонга келганда, "Чет эл тажрибаси" асосан ва биринчи ўринда:

- Озчилик "элиталар" қисқа вақт ичида иложи борича кўпроқ пул қилиши (шахарсозлик, экология, ижтимоий тенгликни қурбон қилиш хисобига);

- Оддий ишчи ахолини турли солиқларга иложи борича самаралироқ ва кўпроқ тортиш технологияларини тадбиқ этиш учунгина ўрганилаётгандек туюлмаябдими сизга хам?
🔥5👍3❤1😁1🎉1
Ўзбекистон ПРОФСОЮЗЛАР федерацияси раисидан БИРОН МАРТА ўзбек ишчиларини уюшишга, мустақил профсоюзлар тузишга, улар орқали ўзбек капиталистлари зуғумига қарши курашишга, ўз маошлари ва мехнат шароитларини яхшилаш талаблари билан забастовкалар (иш ташлашлар), митинглар уюштиришга, кўпроқ ишчиларни профсоюзларга аъзо бўлишга чақирганини эшитганмисиз? Шахсан мен — йўқ.

Очиғи, бизда қандайдир профсоюзлар борлиги ва уларнинг қандайдир "раиси" борлигини фақатгина шу раис-сенатор Ўзбекистон гербидан бутун дунё профсоюзларини қўллаб-қувватлаган ва бутун дунё профсоюзлари томонидан халигача мехр билан эсланадиган Совет Иттифоқининг "сарқитлари" сифатида пахта ва буғдой элементларини олиб ташлаш таклифи билан чиққанидагина билибман.

Ахир ўзбек ишчилари учун бугунги, нархлар/солиқлар кунига ошиб бораётган, эркинлик ва хақ-хуқуқлар, келажакка ишонч кун сайин камайиб бораётган, шахарсозлик ва экологиялар "кўпроқ ва тезроқ пул топиш" ғояси билан алмаштирилган даврда гербдаги пахта ва буғдойдан каттароқ муаммо йўқ.
👍10❤1👏1
Хар қандай халқнинг мустақиллиги — унинг ўз давлати ички/ташқи сиёсатини қай даражада белгилаши (таъсир кўрсата олиши) билан ўлчанади.

Бу мезонга кўра, афсуски, бугунги "байрамнинг" Ўзбекистон ахолисининг >90% ига хеч қандай алоқаси йўқ.

Бу куни "айёмингиз билан" деб фақат йирик капитал эгаларимиз ва йирик амалдорларимизгагина (кўпинча бир одамнинг ўзида бу икки хислат мужассам бўлган бўлади) мурожаат қила оламиз, мантиқан ўйлаб қаралса.
👍5🔥2
Янги "оммавий уй бахоланиши"дан мақсадни, менимча, хамма тушуниб турибди — ахоли бўйнида йилдан-йилга оғирлашиб келаётган солиқлар юганига яна каттагина юк қўшишдан бошқа нарса эмас.

Бу борада бир (аслида анча) савол туғилади:

Тасаввур қилайлик, мен (оддий бир фуқаро) туғилганимдан бери яшаб келувчи (ундан аввал ота-боболари яшаб келган) уйим жойлашган махалла — шахарнинг "крутой" жойига айланди, бу ўз навбатида ўша-ўша уй (аниқроғи, тагидаги ернинг) нархини кескин ошириб юборди. Натижада 100-200 минг тўлаб келинаётган "мулк солиғи", янги уй бахоланиш жараёнидан кейин бир сакраб 1-2 МИЛЛИОНГА айланди (ойига). Буни мен "энди бу бойлар махалласи, сендака ўртахол/камбағал қора халқ вакилига ким қўйибди, бунақа хурматли одамлар орасида тиқилиб ўтиришга? Ва ўзи ким қўйибди сенга катта/қиммат уйда яшашга? (бу уйни ота-буваларинг қуриб кетган бўлса хам)" деб тушунишим керак, ва "кўрпага қараб" шахар четроғига кўчиб кетишим керак бўлади, кичкинароқ ва арзонроқ уйга, тўғрими?

Бу холатнинг ривожланган капитализм дунёсида алохида номи хам бор — "джентрификация" деган. Бу жараён натижасида шахарлар алохида "бойлар районлари"га ва "камбағаллар районларига" аниқ-тиниқ бўлинади (эътибор учун, совет даврида бундай бўлиниш умуман бўлмаган, битта шахар доирасида), жамиятдаги табақаланиш янада кескин тус олади.

Ўз хақ-хуқуқлари учун курашишни билмаган ва бу борада сиёсий уюшмаган халқнинг қўйлар подасидан фарқи бўлмайди, миллионлаб бундай қўйларни 200-300 та семиз бўри бемалол терисини шилиб бораверади.
👍9🔥3❤1👏1
Шахар ичида жойлашган давлат биноларини бирин-кетин йирик капиталистларга сотиб ётганларга (риторик) савол:

Нахотки, шахар ичида махаллий ахолига хизмат курсатувчи давлат муассасалари етарли бўлса? Масалан, бино жойлашган жойдаги ахоли фарзандларига текин ё арзон тўгараклар, спорт комплекслари, кутубхоналар, ўқув марказлари, "ягона дарчалар", поликлиникалар ё бошқа, ахолига хизмат кўрсатиш фаолиятига эхтиёж тўлиқ қондирилиб бўлинганми, ягона вариант сифатида биноларни ПУЛЛАШ танланишига қараганда?

P.S. Эслатиб ўтаман — ўз суверен валютасига эга давлатга ўша валютада сарф-харажат қилиш учун (яъни хамма махаллий, ноимпорт харажатларга) ушбу валютадаги тушум (солиқ ва бошқа тўловлар) КЕРАК ЭМАС.
👍9
Ўзбекистонда реал ўртача (яъни медиана) маош — 4.2 млн экани эълон қилинди.

Яъни Ўзбекистон ахолисининг аксарияти — шунчаки ҚАШШОҚлиги очиқ қайд этилди, охирги йилларда солиқлар, коммунал тўловлар, товар ва хизматлар нархларидаги динамикани хисобга олганда.

Чунки бундай ойликдан даромад солиғи, мажбурий коммунал тўловлари, уй/ер солиқлари тўлаб бўлингач, фуқаронинг ўзи ва фарзандлари кийим-боши, таълимоти, соғлиғи, бўш вақтда қандайдир кўнгил кўтариш сарф-харажатларига шунчаки хеч қанча пул қолмайди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ахолисининг кичик бир қисми (≤1%) ЖУДА ТЕЗ БОЙИБ бораётганини ва ушбу бойлигини хар қадамда кўз-кўз қилаётганини, яъни жамиятимиздаги НОТЕНГЛИК ДАРАЖАСИ (энг камбағал ва энг бой қатлам даромадлари нисбати) охирги 10 йил ичида кескин тезлашганини кузатябмиз.

Бу — янги хукуматимиз ўзи учун иқтисодий модель сифатида қабул қилган неолиберал иқтисодий мактаб тамойилларининг амалиётга тўлиқ тадбиқ қилинишининг бевосита натижасидир. Ушбу мактаб тамойилларини ўзида тадбиқ қилган ХАР БИР давлат тарихан худди шу натижаларга эришган:

- давлатнинг халқ олдидаги ўз ижтимоий/иқтисодий мажбуриятларини кескин қисқартириши ва бутунлай "Бозор"га (хусусий капиталга) топшириб қўйиши;

- нархларнинг кескин ошиши;

- ахолининг катта қисмининг кескин қашшоқлашиши ва оз қисмининг кескин бойиши (нотенглик индексларининг кескин ошиши);

- давлат табиий ресурслари ва инфраструктурасининг омматан хусусийлаштирилиши (қисман чет эл корхоналари томонидан) ва энди махаллий ахоли манфаатларига эмас, махаллий ва хориж йирик капиталистларини бойитишгагина хизмат қила бошлаши;

- махаллий ахоли ва давлатнинг қарздорлик (кредитланиш) даражаси кескин ошиши (давлат қарзларини охир-оқибат ахоли бўйнига юклатилиши)

Эслатаман, жамиятдаги нотенглик даражаси — шу жамиятнинг хам иқтисодий, хам маданий, хам психологик ва бошқа жихатлардан ўсишдан тўхташи ва ТУБАНЛАШИШИГА (деградацияга) олиб келувчи энг асосий омиллардан биридир (бу борада алохида пост ёзаман хали, конкрет статистика ва фактлар билан).

Каримовни тириклик пайтида қанчалик ёқтирмай, унинг Ўзбекистон устидан бундай эксперимент ўтказмасликка ақли/виждони етганига миннатдор бўлиб қоламан. Ёшлигида олган марксистик-коммунистик таълимотни бутунлай эсидан чиқариб юбормагани бунга сабаб бўлган, деб тахмин қиламан. Бугунги кунда хокимият тепасига келганлар эса нари борса пионер бўлган, марксистик политэкономиядан эса бирон бет ўқимаган, фақатгина неолиберал "Экономикс"ни чет эл (империалистик) давлатлар мактабларида ўқиб келишган (бу таълимот — атайин қолоқ давлатларнинг ушбу империалистик давлатларга қарамлигини янада кучайтиришга қаратилганини хатто тушунмай).

Ўзбеклар орасида кенг тарқалган "Худо хохласа яхши бўлиб кетади" иборасини энди музейга топширишни таклиф қилган бўлардим. Чунки аксарият ахоли учун "яхши бўлиб кетмаслиги" — 99.999% эхтимол билан кафолатланган.
❤7👍2