Qishloqlik o‘qituvchi – Қишлоқлик ўқитувчи
1.22K subscribers
145 photos
76 videos
2 files
911 links
Download Telegram
⚡️2026/2027-o'quv yili uchun kalendar

Choraklikdagi o‘quv kunlari
1-chorak: 2-sentabrdan 3-noyabrgacha
2-chorak: 10-noyabrdan 27-dekabrgacha
3-chorak: 11-yanvardan 20-martgacha
4-chorak: 28-martdan 25-maygacha

Ta’til
Kuzgi: 4-noyabrdan 9-noyabrgacha
Qishki: 28-dekabrdan 10-yanvargacha
Bahorgi: 21-martdan 27-martgacha
Yozgi: 25-maydan 1-sentabrgacha


Bayram kunlari 2026/2027
1-sen. 2026 Mustaqillik kuni
1-okt. 2026 O‘qituvchi va murabbiylar kuni
8-dek. 2026 Konstitutsiya kuni
1-yan. 2027 Yangi yil
8-mart 2027 Xalqaro xotin-qizlar kuni
21-mart. 2027 Navro‘z
9-may 2027 Xotira va qadrlash kuni

https://t.me/qishloqlikmuallim
❤7👍5
Бир томондан қарасанг, одамнинг кўнгли тоғ бўлади: вақтида синфда орқа партада ўтириб, зўрға "3" оладиган Wодмонп бугун шаҳарда катта бизнесмен!
Эрталаб телефонга "тиринг" этиб тушган СМСни ўқиб, чойни қайноқ ютиб юбордим:
«Малим. Янги ўқув йили билан табриклайман»
Ҳайронман, бу табрикми ёки 9 ойлик «машаққат ва асаббузарлик мавсуми очилгани» билан юборилган «тавқи лаънат»ми?
«Раҳмат, Шодмонов!» деб ёзай десам — сентябрдан бошланадиган дафтар текширишлар, ота-оналар мажлисидаги «менинг болам фаришта» дейдиган драмалар ва кунига 100 марталаб айтиладиган «тинчланинглар!» деган ҳайқириқлар кўз олдимдан ўтади.
Шодмоновнинг бу СМСида чуқур бир фалсафа бор:
Биринчидан: «Малим» деб ёзибди. Ҳали ҳам грамматика ўша-ўша — «у» ҳарфи тушиб қолган - савод ўсмаган.
Иккинчидан: Ўзи вақтида мактабдан қочишнинг пайида бўларди, энди бўлса бизни янги мавсум билан «қутлаяпти». Бу худди қамоқдан чиқиб кетган одамнинг ҳали ичкарида ўтирганларга «Янги йилингиз билан!» деб хат ёзишига ўхшайди.
Учинчидан: У мактабда формула ва қоидаларни ёдламади, лекин ҳаётнинг энг катта формуласини ечиб юборди. Биз унга «паст баҳо» қўйгандик, ҳаёт эса унга «аъло» баҳо қўйибди.
Аслида-ку, Шодмоновга раҳмат. Жилла қурса эслабди. Лекин барибир кўнглимнинг бир четида шу савол айланаверади: «Шодмонов, шу СМСни чин кўнгилдан ёздингми ёки 'кўриб қўйинг, мен қутилганман, сиз эса яна ўша жангу жадалли фронтда, қийинчилиг-у машаққатдасиз' демоқчимисан?»
Ишқилиб, бу йилги ўқувчиларим орасида ҳам бўлажак Шодмоновлар кўпайсин, фақат улар СМС ёзганда «у» ҳарфини тушириб қолдиришмаса бўлди!
Янги ўқув йили — асаблар чидамлилигини синаш мавсуми муборак қўшнижонлар!
https://t.me/qishloqlikmuallim
❤10🔥9👏9😢1
Жавобсиз савол...

Агар мактабдаги ўқитиш кучли ва педагоглар тажрибали бўлса, нега уларнинг ўз фарзандлари ҳам репетиторларга боради? 🤔

https://t.me/qishloqlikmuallim
👍10❤4
Адолат...
(Ҳажвия)
​Бугун мактабимизда шошилинч йиғилиш бўлди. Йиғилиш бошлангунча завучимиз ўқитувчиларни алоҳида номма-ном бор-yoʻқ қилди (йўқлама қилди). Ундан кейин маънавиятчимиз қайтадан перекличка ўтказди.
​Демак, йиғилиш жуда муҳим масалада!
​Ёшлар етакчиси йиғилишдан олдин номимиз ёзилган рўйхатга имзо қўйдирганини айтмай қўяверай. Йиғилишга директоримиз бир варақ қоғоз (иш ҳақи ведомост) олиб кирди. Юзида табассум. Ҳаммамиз йиғилиш мавзусини тушундик...
​Завучимиз сўзни директоримизга берди. Директоримиз:
​— Амалга оширилаётган ислоҳотларга маъмурият томонидан «лаббай» деб жавоб берилаётгани, ёз мавсумида турли ташкилотлардан келган 10 дан ортиқ комиссияларни бирор-бир ЧПсиз кузатгани, уларнинг келиб-кетиши учун директор ўз чўнтагидан 2 млн сарфлагани, мактаб таъмири учун ҳам 5 млн қўшгани, ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамагани, пул йиғмагани, ўқитувчилар ёзда мазза қилиб дам олишганда, таътилга чиқмасдан ишлаганини айтди.
​Сарфлаган пулларига, меҳнатига рози эканлигини, нима қилса шу мактаб ривожи учун қилганини эслатиб ўтди.
​Кейин муддаога ўтди. Ҳозирда барча мактабларда кузатув камералари ўрнатила бошлангани, бизнинг мактабга ҳам камера ўрнатиш зарурлигини, битта фирма директорнинг ҳурматидан арзонроқ ўрнатиб беришини, ярим пулини директор ўз чўнтагидан беришини, лекин озгина етмаганига мактаб жамоаси — ўқитувчилар йиғиб беришса яхши бўлишини айтди.
​Шундан сўнг, ҳар доимгидек, сўз навбатини касаба уюшмаси раиси олди. У директоримизнинг ҳотамтойлигини, у киши бўлмаганларида мактабимиз хонавайрон бўлишини, ўқитувчилар керак бўлса бир ойлик маошларини беришга тайёрликларини айтди. Завуч, маънавиятчи ва психолог қарсакни бошлаб беришди, қарсакбозлик узоқ давом этди.
​Директоримиз 7 млн ни ҳаммага адолатли тақсимлабдилар: кўпроқ маош оладиганлардан 120 минг, камроқ маош оладиганлардан 80 минг. Август иш ҳақи ведомостига аванс ҳисобида ҳаммамиз имзони чекдик. Хайр, 7 млн!
​Ҳамманинг юзида табассум, кўзида алам.
​Бундай аламли йиғилишлар бир йилда 4-5 марта бўлади. Асосийси — адолат тамойиллари асосида...
​P.S. Яшасин адолат...
https://t.me/qishloqlikmuallim
😢14👍11❤2
Тоғай Муродга бағишлайман

Бас дейман...
У дарс ўтди! Шунчаки дарс ўтмади — юрагидаги олов билан, жигар-бағри ёниб-куйиб дарс ўтди!
Ўз боласининг эгнига битта бутун кўйлак олиб беролмаган шу озгина ойлигидан кечди. Мактабга олиб борди. Синфхонани ўзи бўяди, ранг-баранг кўргазмали қуролларни ўз пулига олди. Болаларни ўқитди-я, умид билан ўқитди, томиридаги ғайрати тошиб ўқитди!
Юқоридагилар эса папкасини қўлтиқлаб келишди-да:
— Илғорсиз, муаллим, сиз илғорсиз! — деб қўйишди. Оғзига куч бериб айтишди.
Танаффус бўлди. Болалар муаллимни чир айланиб ўраб олишди. Сарғайиб, енглари сийқаси чиқиб кетган ўша эски костюмида болаларини қучди. Бошини силади. Китобга ошно этди, мўжазгина кўнглига чироқ ёқди.
Яна ўша гап:
— Илғорсиз, муаллим!
Қаҳратон қиш келди. Оёғидаги тешик пойабзалидан изғирин совуқ суяк-суягидан ўтиб кетди. Сўнгаги қақшади! Лекин тўхтамади, болаларини етаклаб шаҳарга, олимпиадага олиб борди. Болалари ғолиб бўлди, қичқириб қувонди! Муаллимнинг эса совуқдан ёрилиб, қавариб кетган ароз қўллари дийдир-дийдир титради.
Тепадагилар яна такрорлашди:
— Илғорсиз-да, илғор!
Йиллар оқиб ўтди...
Шогирдларининг юз фоизи талаба бўлди! Ўшаларнинг баъзилари кўчада машинасида вариллаб ўтиб кетаётиб, муаллимининг устига лой сачратиб кетди. Муаллим хафа бўлмади. Лойни артиб қўя қолди.
— Илғорсиз! — дейишди яна.
Йил якуни бўлди. Катта мажлисхона. Директорнинг кўксига ялтироқ медал тақилди, завучга катта мукофот берилди. Саҳнадан уларнинг оти жаранглаб чиқди. Қарсак бўлди! Гуррос-гуррос қарсак бўлди!
Муаллим-чи? Муаллим зални энг охирги қаторида, қўлидаги ғижимланган арзимас ташаккурномасини маҳкам сиққанча, жимгина кулимсираб ўтирди. У яна ўша... «илғор»лигича қолаверди.
Уйга қайтди. Хотини унинг тўзиб, титилиб кетган пойабзалига қараб, жимгина уҳ тортди. Ичидан хўрсиниқ чиқди. Фарзандлари мунгли кўзларини олиб қочди.
— Сиз барибир энг зўрсиз, дадажон, — дейишди юпатиб.
Ҳамкасблари эса ён-атрофда ичи ачигандай, раҳми келгандай елка қисишди.
Муаллим туни билан йиғлади. Эзилиб-эзилиб йиғлади. Ичидан отилиб чиққан алам билан ўкириб йиғлади! Заъфарон бўлиб кетган қўлларига қаради:
— Бошқа бу мактабга қадам босмайман! Бас, тамом! — деб қасам ичди.
Сентябрь келди...
Тонгда мактаб қўнғироғи жаранглади. Жаранг-журунг қилиб, бутун оламни тутиб жаранглади!
Муаллим эски портфелини қўлига олди. Кўзидаги ёшини енги билан артиб, яна ўша полапонларининг бағрига шошилди...
Чунки у муаллим эди! Чунки у бошқача яшай олмасди!

https://t.me/qishloqlikmuallim
😢21❤12🔥8
Кеча оқшом уйга опам билан поччам келишди. Опам — катта ташкилот раҳбари, илмли, камсуқум аёл.
Мени жудаям яхши кўради.
Дастурхонга фотиҳа қилгач, ҳол аҳвол сўрашди.
Аёлим иккимизни опамни олдида «эркалигимиз» тутиб қолди:
Тўплаган сертификатларимиз, тоифа қоғозларимиз, фахрий ёрлиқлар ва медалларимизни кўз-кўз қилдик. «Ана, опажон, шу қоғозлар, мукофотлар сабаб маошимизга фалон фоиз қўшилади, баракасини берсин!» деб, худди дунёни забт этгандек мақтандик.
Опам майин жилмайиб, қоғозларимизга бир-бир қаради-да, битта савол билан бизни бурчакка сиқиб қўйди:
— Инсонлар, шунча сертификат, шунча тоифа бор экан... Нега унда таълим сифати паст? Нега ота-оналар мактабга эмас, ҳамон чўнтагидаги охирги пулини шилиб бўлса ҳам репетиторга югуряпти?
Шу ондаёқ ҳақиқий «профессионал ўқитувчи»га айландим: вазирликнинг дастуридан бошладим, дарсликдаги хатоларга ўтдим, ўқувчиларнинг телефонга ёпишиб қолганини айтдим, ота-оналарнинг масъулиятсизлигини гапирдим, хуллас айбни коинотдаги барча нарсага ағдардим.
Опам оғзимни ёпмасдан, аста бошини сарак-сарак қилиб тинглади-да, охири битта таклиф айтди. Шу билан оғзим очилиб, тилим танглайимга ёпишиб қолди:
— Укам, ўқитувчининг маошини қоғозга, тестдан олган сертификатига қараб ошириш — нотўғри менимча. Мен сертификатга қарши эмасман. Муаллим аввало билимли бўлиши керак, лекин у чин маънода УСТОЗ бўлиши керак. Ўқитувчи сертификатни олиб, маошини кўтариб олгач, синфга кириб дарсни шунчаки «ўтиб» чиқаверса, бунинг кимга фойдаси бор? Ундан кўра маошни, мукофотни ўқувчисининг кўрсатган реал натижасига, билим даражасига қараб бериш керак! Шундагина ўқитувчи қоғоз ортидан эмас, боланинг миясига билим киритиш ортидан югуради. Тушундингми?
Сукут. Оғир сукут.
Қарасам, ҳақиқатан ҳам шунча пайтдан бери нотўғри фронтда жанг қилаётган эканман. Биз синфхонада бола билан ишлаш ўрнига, тунлари тест ечиб, тоифа, сертификат олиш учун жон куйдирибмиз. Портфелимиз қалинлашибди, маошимизга бир-икки сўм қўшилибди, лекин синфдан чиқаётган ўқувчининг билими ўша-ўша...
Опаларим кетишди. Мен эса дастурхон устида ялтираб турган сертификатларимга қараб ўтирибман. Бир пайтлар фахрим бўлган бу қоғозлар ҳозир кўзимга шунчаки чиройли рамкадаги «фойдасиз тажриба»дек кўринмоқда.
Эҳ, опажон-а... Гапларингизда аччиқ бўлса ҳам, жон бор. Биз қоғоз йиғишни йиғиштириб, қачон бола ўқитишни бошлаймиз?..
Аёлим иккимиз бир-биримизга узоооқ термулдик.

https://t.me/qishloqlikmuallim
❤14👍12🔥6
"Ўғлимнинг муҳтарам ўқитувчиси!

Мен ўғлимга ҳаётни бўяб-бежаб кўрсатишингизни истамайман. У ҳаётда ҳамма ҳам адолатли ва самимий бўлавермаслигини билиши шарт.
Сиз унга ҳаётда аблаҳлар ҳам қаҳрамонларга айлантирилиши мумкинлигини, уқувсиз ва такаббур раҳбарларга ҳам содиқ ходимлар учраши мумкинлигини тушунтиришдан қўрқманг.
Унга уқтирингки, модомики душманлари бор экан, демак дўстлари ҳам бўлади.
Биламан, бунга анча вақт сарфланади, лекин имконингиз бўлса, унга ноҳалол йўл билан топилган ўн доллардан кўра, ҳалол йўл билан топилган бир доллар кўпроқ фойда келтиришини ўргатинг.
Шундай таълим берингки, у ғалаба нашидасини суриш учун олдин ютқазиш аламини тотиб кўриш кераклигини англасин.
Қўлингиздан келса, унинг табиатига ҳасад чанг солмаслигининг чорасини кўринг.
Унга мақтанчоқ одамлар устидан ғалаба қозониш жуда ҳам осон бўлишини ҳис этишга шароит яратинг. Яна имконингиз бўлса, уни китобларга ошно қилинг…
Шундай таълим берингки, у жасур, кучли, темир иродали йигит бўлиб улғайиш билан бирга, кўкдаги қушлардан, қирлар узра очилган гуллардан ва бу гуллардан бол йиғиб юрган асаларилардан, қўйингчи табиатнинг бетакрор гўзалликларидан таъсирлана оладиган нозик қалбга ҳам эга бўлсин.
Шундай ўқитингки, у ҳаётдаги энг майда ҳолатлар юзасидан ҳам мулоҳаза қилиб кўришни ўргансин.
Мен унинг шу кичик ёшиданоқ ҳаётда қаллоблик қилиб ғалабага эришгандан кўра, ҳалоллик туфайли омадсизликка учраш афзал эканини англаб етишини истайман.
Уни атрофдагилар ҳар қанча ўз йўриқларига юргизишга уринишмасин, ўз шахсий фикрларида собит тура олишга ҳам ўргатасиз, деган умиддаман.
Уни юмшоқ феъллилар билан – юмшоқ, қаҳрлилар билан қаҳрли бўлишга ўргатинг.
Ўғлимга моҳиятни англамасдан туриб, ғалаба қозонганлар тарафига ўтиб кетадиган оломонга эргашмасликни уқтиришга ҳаракат қилинг.
Уни ҳаммани эшитишга ва ҳар бир эшитганларини мулоҳаза қилиб, ҳақиқатни ажратиб олишга ўргатинг.
Ўргата олсангиз, маҳзун вақтда кулиш кераклигига ўргатинг.
Вақти келганда кўз ёши тўка билишни ва бунинг ҳеч уятли эмаслигини ўргатинг.
Унга ўзига ортиқча зеб бермаслик кераклигини ўргатинг.
Зарурат бўлганида ўз ақли ва танасидаги мушаклар кучини энг қиммат нархда сотиши мумкин-у, лекин ўлса ҳам юраги, руҳи, виждонини сотишга ҳаққи йўқлигини англатинг.
Унга жасур бўлиш учун энг аввало сабрли бўлиш лозимлигини уқтиринг. Ўтда қаттиқ тобланган пўлатгина юқори сифатга эга бўлишини тушунтиринг.
Унда ўзига ишонч ҳиссини шакллантиринг, шундагина у бошқаларга ҳам ишонч билан муносабатда бўлади.
У билан юмшоқ, лекин ортиқча мулойимликсиз муомала қилинг.
…Биламан, Сиздан истаётганларимни бажариш осон иш эмас, лекин, ҳар ҳолда сўраганларим орасидан қўлингиздан нима келишини ажратиб олсангиз ҳам бўлади.
У ажойиб бола, яхши бола — менинг ўғлим!.. Балки у ҳам келажакда дунёнинг етакчи лидерларидан бўлар…

Сизга чексиз ҳурмат ва ишонч билан Абрам Линкольн,
1855 йил".

АҚШнинг ўн олтинчи президенти Абрам Линкольннинг ўғли Уильямнинг ўқитувчисига ёзган мактуби

Бир ҳафтадан буён "Биз муаллимлар эски костюмда юрсак ҳам, дарс талашиб бир-биримизни юзимизни юлсак ҳам, жанжал қилиб маданиятсизликнинамойиш этсак ҳам, ўзимиз айтганларимизга ўзимиз амал қилмасак ҳам интернетда мактаб ўқитувчисини маданиятли, бидимли, бой, бадавлат, ҳаётини ранго ранг бўёқларда тасвирлаш керак, кўрганлар ўўўў дейишсин"-деган ҳамкасбларим ўқишларини тавсия қиламан.

https://t.me/qishloqlikmuallim
😢7❤6👍5🔥2
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Барибир қишлоқ маззада. Свет йўқ. Антенна йўқ. Интернет йўқ. Бемаза, бетайин, урди-сурди хабарлар йўқ.
Шу миттивой, печенье "ўғри"лари бор бўлсин🤣🥰

https://t.me/qishloqlikmuallim
❤9🔥4
"PISA натижаси паст, таълим барибир расво" деб сочларини юлаётган айрим "кўнгли қора инсонлар". Ҳаммаси зўр, ҳаммаси мукаммал!
​Қалбимга, кўнглимга қора ниятларинг билан кира олмайсанлар.
Бас қилларинг!!!
Мактаб учун жоним фидо, таълим учун жоним фидо!
https://t.me/qishloqlikmuallim
🔥9❤3
«Вақт яшиндек тез ўтиб кетяпти» деб нолиётганлар мактабда 45 минут дарс ўтишса билишар эди - минутнинг асрларга чўзилишини.
Шу 45 дақиқа ичида Ерда бир неча цивилизация гуллаб-яшнаб, яна инқирозга юз тутиши мумкин. Лекин дарсда соат мили муаллимнинг асаб томирлари устида одимлаётгандек туюлади. Бир томонда партанинг остига кириб видео олаётган «тиктокер», иккинчи томонда доскадаги ёзувни кўриб «Бизга бунинг нима кераги бор?» деб фалсафа сураётган генийлар...
Айниқса, дарс тугаши билан телефонда пайдо бўладиган ота-оналар гуруҳидаги хабарлар — алоҳида санъат асарлари:
— «Устоз, ўғлимнинг ручкасини ким олган?»
— «Нимага менинг фарзандимга 2 қўйдингиз? У жуда ақлли, одобли болаку!..»
- «Нега физика муаллими ўғлимни қулоғидан тортди, прокуратурага ариза ёзаман, кўрсатиб қўяман!»
— «Малим, соат кечги 23:30 бўлибди, эртага уй вазифасига нима берилган эди?»
Камига майнавиятчимизнинг "Болаларга умуман қаттиқ гапирмаларинг, ёмон баҳо қўймаларинг, ота-оналарга етти букилиб мулозамат қилларинг, сенларни деб мен кечирим сўраяпман" дейиши узилмай қолган 3-4 та асаб толаларини яксон қилади.
P.S. Битта конкрет таклиф: 45 та «эркатой»ни бир хонага қамаб, уларга билим беришга уринаётган ўқитувчининг стажини 1 йилини 3 йилга тенг деб ҳисоблашларини таклиф қиламан!
10 йил ишлаган муаллим эҳтиром билан пенсияга кузатилсин.

Оҳ, қани энди ҳозир мўъжиза юз бериб, календарда 24 май бўлиб қолса эди...

https://t.me/qishloqlikmuallim
👍34❤8🤗7👏3🍓1
Менга пох...
​Одамларнинг хўкизи арқонини узиб, бедапояни вайрон қилса ҳам мактаб айбдор.
Эр ишини эплаб бажармаса ва хотинидан дакки эшитса ҳам муаллим айбдор.
Ота-оналар тартиб-интизом, қонун ва қоидаларга тупуриб қўйишган. Аксарият биомассаларнинг фикри — "Мактаб ва ўқитувчи болани ўқитишга должен".
​Бекор гап! Шахсан мен ундай ота-оналарга қ...ни кўндаланг қўйганман. Шунча йил билим олиб, олийгоҳда ўқиб, диплом олиб, аллақаердаги биомассаларнинг эркалигию тантиқлигини кўтараман деб мактабда ишламаяпман.
Бундай маҳлуқларга дерзкий муносабатда бўлишимни вес қишлоқ билади. Билгани учун қиссасини кутиб юради.
Қадрли ўқитувчилар, сизларга маслаҳатим: илмли, маданиятли ва профессионал бўлинг. Ҳеч кимдан тилингиз қисилмасин, чунки сиз ҳақ томондасиз! Улуғ мақсад — халқнинг қоракўзларини Ватанни севишга ўргатиш йўлидасиз!
Бетайин, жоҳил оломонга ўзингизни оқлашга ёки ҳисобот беришга, емаган сомсангизга пул тўлашга, кечирим сўрашга мажбур эмассиз.
​P.S. Пох дегани арман тилида пул дегани, қ...ни эса қаламимни деб тушундингиз деб.ўйлайман.

Сабр косам тўлиш арафасида шу постни қўйиб тураман, мазур тутасизлар қўшнижонлар.

https://t.me/qishloqlikmuallim
🔥21❤10👍4👌4
Тош, тош, тош...
​Айни дамдаги менинг ҳолатим «Олтин девор» спектаклидаги тилласини йўқотиб томи кетган Ғани Аъзамовникидан бешбаттар.
​Эрталаб директоримиз йиғилиш чақирди. Йиғилишда ҳамма ўқитувчиларга «Коррупция билан шуғулланмайман» деган мазмунда икки бет огоҳлантириш хати ёзишимизни буюрди. Кейин эса: «Профсоюз ва замларим ёзиши шарт эмас», — деб қўшиб қўйди.
​Синф раҳбарлари она тили ўқитувчилари билан биргаликда зудлик билан барча ўқувчилардан «Биз коррупцияга қаршимиз!» мавзусида диктант олишлари кераклигини таъкидлади.
​Мум тишлагандек ҳамма бир-бирига қарайди. Ойлик маошини кутиб сарғайган, банкдаги кредитини, фарзандининг контрактини тўлашга қийналаётган бечора ўқитувчининг устидан кулиш шунчалик бўладими???
​Аслида топшириқ директоримизга аталганини ҳаммамиз билиб турсак-да, ч...б қўйган ёш боладек огоҳлантириш хатини ёзиб бердик.
Oгоҳлантириш хатини ёзмасликка қарор қилган, хақиқат талаб қилган информатигимиз Fолибжон домлани вес жамоа маломат тошларига кўмиб ташладик.
(Fалати а?.. Барчанинг фойдасини кўзлаган одамни хеч ким тарафини олмайди)
​Огоҳлантириш хатлари, диктантлар ёзилди. Энди коррупция таг-томири билан қурийди.
​Айтганча, бизда коррупция бормиди?🤔

https://t.me/qishloqlikmuallim
👍11🔥10❤3👏2
Мия ақллими, ошқозонми?
Мия дейсизми?!
Бекор айтибсиз.
Мия ҳар қандай хом хаёлни, ёлғонни ва ҳатто энг аҳмоқона фикрни ҳам сингдириб, ҳазм қила олади. Ошқозон эса ундай эмас. У ўзига ёқмаган, зарарли ва заҳарли нарсани сониялар ичида аниқлайди ва шафқатсизларча ҳайдаб чиқаради. Баъзида ошқозоннинг инстинкти миянинг мантиқидан кўра ҳалолроқ ишлайди.
Виждон ақллими, танами?
Виждон деяпсиз...
Яна адашдингиз.
Виждон баъзан адолатсизликларга кўникиб қолади, сукут сақлайди, ҳатто чуқур уйқуга кетади. Тана эса ҳеч қачон алдамайди. Кўзга кўринмас кичик бир оғриқ пайдо бўлса ҳам, у бутун вужудни оёққа турғизади, уйқудан кечади, "Тўхта, нега эътиборсизсан?" деб жар солади.
Биз ақл ва виждон ҳақида баландпарвоз гапиришни яхши кўрамиз, лекин баъзида танамиз каби миямиз, виждонимиз берадиган табиий сигналларга қулоқ тутишни унутамиз.
Хулоса чиқариш вақти келмадимикан?...

https://t.me/qishloqlikmuallim
❤14🔥6😢3
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
А й т м а г а н л а р и м...
Устоз! Биламан, Сиз бошқаларга ўхшамайсиз. Сиз энг меҳрибон, самимий, камтарин инсонсиз.
Биз оила қурдик, фарзандли бўлдик. Уй жойимиз, машинамиз бор. Мансаб, мартаба, шон-шухрат, бойлик топдик.
Том маънода бизни шу даражага етишишимизнинг асосий сабабчиси бўлган Сиз - азиз устозимизни яхши кўрамиз, соғинамиз.
Ўзимиздан ортиб Сиздан хабар олмаётган, баъзан телефон қилишга ҳам имкон топа олмаётган бўлсакда ҳар доим ёдимиздасиз. Дуоларимизда Сизнинг исмингиз.
Сизга шогирдликнинг ўзи биз учун шараф!
Борингизга шукур.

https://t.me/qishloqlikmuallim
❤9🔥4👍2
Патриот

Астановкада автобус кутяпман. Шошилишим керак. Ахир педсаветда "Тилга эътибор - элга эътибор" темасида лекциям бор. Аксига олиб автобус задержка қиляпти. Завучга тел қиляпман, ажиданияга тушяпман.
Автобус келди. Штурм бошланди. Одамлар безочеред чиқишга ҳаракат қилишадия. Хаос... Умуман бўш места йўқ. Шопир билет олишимизни талаб қилди. Шундай тиқилинчда кармондан пул олиш ҳам праблема.
Йўл пробка. Светафорда фақат қизил маргат қилади. Машиналар тинмай сигнал чалади. Кошмар.
Пешком кетганимда етиб олар эдим-а... Карочче ишга роса 45 минут кеч келдим. Вес коллектив каминани кутиб-кутиб тарқалибди.
Секретар мени директор кабинетига чақираётгани, мероприятияни срыв қилганим учун обяснительний ёзиб киришим кераклигини айтди.
P.S. Как же тааак??? Мендек патриотни, тил жонкуярини айблаш адолатдан эмаслигини кимдир айтсин.

https://t.me/qishloqlikmuallim
🔥10👍9❤5🤗4👌1
Раҳмат сизга юқоридагилар!

Душанба. Эрталаб мактабга борсам бошлиқлардан фақат қоравул амақи (😄шаҳарга борганим билиндими? Шаҳарликлар амакини амақи дейишар экан) ўтирибди.
Айтишича, дриктр горонога йиғилишга, зауч 354 - мактабга Зуумга, майнавиятчи 10 нафар ўқувчини олиб "Ёш истеъдод" танловига, военрук 18 та бола билан военкоматга, профком 3 нафар муаллим билан семинарга кетибди.
Физкултурачилар 30 нафар бола билан спорт мусобақасига, кутубхоначи 12 нафар ўқувчи билан "Китобхон мактаб" танловига, инглизлар 6 нафар ўқувчи билан "Инглиз тили билимдонлари" мусобақасига, технология муаллимлари 5 нафар ўқувчи билан "Ёш иқтидор" танловига кетишибди...
Қисқаси мактаб ҳар доимгидек ўзимга ўхшаган 3-4 та "фидоийлар"га қолибди.
Абадиёт малими Ол Тин Ойга 10-11 синфларни ҳаммасини мажлислар залига тўплаб Заковат ўтказишни, математик Ғолиб Жонга 8-9 синфларни спорт залга тўплаб шоҳмот мусобақаси ташкиллашни, мусиқачи Зар Нигорга 5,6-7 синфларни майдончага тўплаб "Сенданам, менданам, унданам, бунданам" ашуласини хор бўлиб куйлашни топширдим.
Бошланғичлар ўзлари эплашеваради.
Ҳамма ишлар маромида кетяпти. Мен энди бориб молларга қарай.
P.S. Бошлиқларга ташаккур. Шундай йиғилиш, тадбирларни тез-тез ўтказиб туришсин. Айниқса дарс вақтида. Бизга ўхшаган "фидоийлар" уй ишларимизни бажариб оламиз.
Дарсларчи дейсизми?
Ташвиш қилманг. Ўқувчилар мустақил ўрганиб олишади.
Билим мустақил ўрганиш билан мустаҳкам бўлади.

https://t.me/qishloqlikmuallim
🤗16❤8👍5🍓1
Ишламайдиган тишлайди...
Миндей дўппини ер қўйиб ўйлаб кўрдим: ҳар доимгидек тўғри йўлда эканман.
Мактабда баъзан «безбетлик» ва «анқовлик»ни ёқиб оламан. Хушимга келса дарсга кираман, хоҳласам, дарс ўтмайман. Дарслар тугагандан кейин мактабда бир минут ҳам турмайман. Ошналар билан саёҳат, чойхона, кўнгилхушлик...
​Энди ҳамкасбим, моҳир педагог Зо Кирни таништирай. Зо Кир — мактабимизнинг фахри. 24/7 мактабда. Семинарга тайёргарлик қилган, туман, вилоят миқёсидаги бўлар-бўлмас тадбирларда иштирок этган, олимпиадага бола судраган, кураторлик деб асаблари тугаган, комиссияга, ревизорга рўпара бўлган — Зо Кир. Чунки ким хато қилади? Албатта, ишлаган одам!
Қисқаси, юк туширишга ҳам, кўмир конига ҳам, бетон заводига ҳам — Зо Кир.
​Тўғри, Зо Кир шунча ишлагани учун 30 фоиз устама олади. Мен 1 миллион сўм олсам, у шунча ҳаракати эвазига 1 миллион 300 минг маош олади. Унинг шунча ҳаракатларини кўриб, ундан 300 минг кам олганимга мингдан минг розиман.
​P.S. Агар нерв ҳужайралари тикланмаслигини ҳисобга олсак, 300 минг сўм кўпми, озми?
Бугун Зо Кирга астойдил назар солдим. Ёшига нисбатан анча катта кўринди. Сочларига қиров қўнган. Бир оз букчайган гавдасида костюми шалвираб турибди.
Менга қолса Зо Кирдек педагогларни 40 ёшдаёқ пенсияга кузатиш керак.

https://t.me/qishloqlikmuallim
😢14❤10🔥5🤗2